Қарздор ота 15 суткага қамалди
Оталик масъулиятини унутиб, алимент тўловларини тўлашдан бўйин товлаб келаётган оталарга нисбатан суд томонидан тегишли жазо чоралари қўлланилмоқда.
Мисол учун, Бюронинг Бухоро вилояти Ғиждувон тумани бўлими иш юритувида Фуқаролик ишлари бўйича Ғиждувон туманлараро судининг 2016 йил 18 июндаги ижро варақасига асосан қарздор Ф.Умаровдан ундирувчи Г.Жалилова фойдасига бир нафар вояга етмаган фарзандининг моддий таъминоти учун қарздорнинг иш ҳақи ва бошқа даромадларининг 1/4 қисм миқдорида алимент ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжати мавжуд.
Ижро ҳужжатида алимент тўловлари белгиланган тартибда ва ойма-ой тўлов қилиниши белгиланган. Бироқ қарздор турли баҳолар билан алимент тўловларини тўлашдан бўйин товлаб келган. Ижро ҳужжати талабларини бажармаган қарздор отанинг алимент тўловларидан бўлган қарзи қайта ҳисоб-китоб қилинганда 2022 йил 1 ноябрь ҳолатида қарийб 60 миллион сўмни ташкил қилган.
Қарздор ота алимент тўловларини тўлашдан бош тортганлиги сабабли давлат ижрочиси томонидан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, кўриб чиқиш учун Жиноят ишлари бўйича Ғиждувон туман судига юборилган.
Суд томонидан қарздор отага нисбатан тўпланган маъмурий иш ҳужжатлари очиқ суд мажлисида кўриб чиқилди. Қарздор отанинг айби, ўз айбига иқрорлик ва қилмишидан пушаймон бўлиб берган кўрсатувидан ташқари, тушунтириш хатлари, маъмурий баённома ва ишда тўпланган бошқа ёзма далиллар билан ўз исботини топди.
Суд қарори билан қарздор ота Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 474-моддасида кўрсатилган ҳуқуқбузарликни содир этган деб топилди. Натижада унга нисбатан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди ва жазони ўташ учун махсус муассасага жойлаштирилди.
Зариф Комилов,
ЎзА