Қарз муносабатлари қандай тартибга солинади?
Кейинги пайтда судларда қарз бериб, пулини қайтариб ололмасдан азият чекиб юрган инсонларнинг даъво аризалари бўйича фуқаролик ишлари кўпайиб бормоқда.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 732-моддасига кўра, қарз шартномаси бўйича бир тараф (қарз берувчи) иккинчи тарафга (қарз олувчига) пул ёки турга хос аломатлари билан белгиланган бошқа ашёларни мулк қилиб беради, қарз олувчи эса қарз берувчига бир йўла ёки бўлиб-бўлиб, ўшанча суммадаги пулни ёки қарзга олинган ашёларнинг хили, сифати ва миқдорига баравар ашёларни (қарз суммасини) қайтариб бериш мажбуриятини олади.
Қарз шартномаси пул ёки ашёлар топширилган пайтдан бошлаб тузилган ҳисобланади.
Фуқаролар ўртасида қарз шартномаси, агар бу қарзнинг суммаси базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваридан ортиқ бўлса, оддий ёзма шаклда тузилиши шарт, шартномадаги тарафлардан бири юридик шахс бўлганида эса суммасидан қатъи назар, ёзма шаклда тузилиши шарт.
Даъвогар Р.С. судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, унда таниши бўлган жавобгар К.М.га 10 миллион 900 минг сўм қарз берганлиги, шу кунга қадар жавобгардан қарзни қайтариши бўйича бир неча бор мурожаат қилганлиги, лекин у уни алдаб келаётганлиги учун ушбу қарзни ундириб беришни сўраган.
Суд мажлисида жавобгар даъвони қисман тан олиб, у олган қарзининг 8 миллион 900 минг сўмини қайтарганлигини, фақат 2 миллион сўм қарзи қолганлигини айтади.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 109-моддасига кўра, битимнинг оддий ёзма шаклига риоя қилмаслик унинг ҳақиқий эмаслигига олиб келмайди, бироқ низо чиққан тақдирда тарафларни битимнинг тузилганлигини, мазмунини ёки бажарилганлигини гувоҳларнинг кўрсатувлари билан тасдиқлаш ҳуқуқидан маҳрум қилади.
Тарафлар битимнинг тузилганлигини, мазмуни ёки бажарилганлигини ёзма ёки бошқа далиллар билан тасдиқлашга ҳақлидирлар.
Қонунда ёки тарафларнинг келишувида тўғридан-тўғри кўрсатилган ҳолларда битимнинг оддий ёзма шаклига риоя қилмаслик унинг ҳақиқий эмаслигига олиб келади.
Иш бўйича даъвогар жавобгарга қарз суммасини берганида ундан тилхат ёздириб олган. Жавобгар эса қарзнинг кўп қисмини қайтарганлиги ҳақида даъвогардан тилхат ёздириб олмаганлиги ва қарзни қайтарганлигини тасдиқловчи исбот-далилларни тақдим эта олмаганлиги сабабли, у судда гувоҳларнинг кўрсатувлари билан исботлашдан маҳрум бўлган ва суд даъвогарнинг даъво аризасини қаноатлантириб, жавобгардан даъвогарнинг фойдасига 10 миллион 900 минг сўм қарз ва судга даъво ариза бериш вақтида тўланган давлат божи, почта харажатларини ундириш ҳақида ҳал қилув қарори чиқарган.
Шу ўринда фуқароларимизга бировга қарз беришдан аввал қарз шартномаси тузишни ёки қарз олувчидан унга қарз берганлигини тасдиқловчи тилхатни, албатта, ёздириб олишни, шунингдек ўз ўрнида қарз олувчиларга эса қарзни қайтарганда ёки бўлиб-бўлиб қайтарганда қарз берувчидан тилхат ёздириб олишни унутмасликни тавсия этамиз. Чунки қонунда қарз ундириш тоифасидаги ишларни фақат ҳужжатлар асосида ҳал этилиши муқаррар белгиланган.
Яна бир мисол. Даъвогар О.Ш. судга даъво ариза билан мурожаат қилиб, унда у 2019 йил таниши П.Р.га 2000 АҚШ доллари миқдорида қарз сифатида бир ойга қайтариб бериш шарти билан берганлигини, жавобгар унга қарзни олаётган вақтида қарзни қайтариш вақтини кўрсатиб тилхат ёзиб берганлигини кўрсатиб, жавобгардан 2000 АҚШ долларини ҳамда суд харажатларини ундиришни сўраган.
Жавобгар суд мажлисига сабабсиз келмаганлиги боис, суд ишни унга нисбатан сиртдан иш юритиш тартибида кўриб, даъво аризани қаноатлантирган.
Яна бир мисол: Даъвогар Б.К. судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, унда жавобгар О.П.дан 8 миллон сўм қарзни банк фоизлари билан ундириб беришни сўраган.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 327-моддага кўра, бошқа шахсларнинг пул маблағларини ғайриқонуний ушлаб қолиш, уларни қайтариб беришдан бош тортиш, уларни тўлашни бошқача тарзда кечиктириш ёхуд бошқа шахс ҳисобидан асоссиз олиш ёки жамғариш натижасида улардан фойдаланганлик учун ушбу маблағлар суммасига фоиз тўланиши керак.
Фоизлар миқдори кредитор яшайдиган жойда, кредитор юридик шахс бўлганида эса, унинг жойлашган ерида пул мажбурияти ёки унинг тегишли қисми бажарилган кунда мавжуд бўлган банк фоизининг ҳисоб ставкаси билан белгиланади. Қарз суд тартибида ундириб олинганида суд кредиторнинг талабини даъво қўзғатилган кундаги ёки қарор чиқарилган кундаги банк фоизининг ҳисоб ставкасига қараб қондириши мумкин. Ушбу қоидалар қонунда ёки шартномада бошқа фоиз миқдори белгиланган бўлмаса қўлланилади.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 1999 йил 24 сентябрдаги “Фуқаролик кодексини татбиқ қилишда суд амалиётида вужудга келадиган айрим масалалар тўғрисида”ги 16-сонли қарорининг 22-бандида, ФКнинг 734-моддасига асосан қарз шартномаси ҳақ эвазига тузилган деб фараз қилинади ва фоизлар миқдори шартнома билан белгиланади. Фоиз олувчидан фоизлар ундиришда суд бир вақтнинг ўзида фоиз суммасидан давлат фойдасига солиқ ундириши лозим – деб кўрсатилган.
Суд юқорида қайд этилган қонун талаблари ҳамда Олий суд Пленумининг қарори кўрсатмаларидан келиб чиқиб, жавобгардан даъвогарнинг фойдасига қарзни долларнинг сўмга нисбатан қиймати миқдорида 8 миллион сўм асосий қарз, 295 минг 700 сўм суд харажатлари ва 206 минг 500 сўм банк фоизларини ундиришни ҳал қилув қарорида белгилаган.
Шу билан биргаликда суд даъвогардан даромад солиғи ставкаларига асосан, давлат фойдасига 32 минг 900 сўм даромад солиғи ундирган.
Ҳар бир ишнинг сўрови бор, дейишади. Шу боисдан ҳар қандай вазиятда ҳам виждонан иш тутмаган одамга ҳеч нарсани ишонмаслик, қарз бераётган инсонингизнинг, аввало, кимлигини, унинг қарзни қайтара олиш салоҳиятини ўрганиш лозим. Энг асосийси, қарз берганда ва олганда юқорида қайд этилган қонун талабларига риоя этиш фойдадан ҳоли бўлмайди.
Ибодат Шоймардонова,
Навоий вилоят суди судьяси.
Азиза Рўзиева,
Навоий вилоят суди жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўйича бош консультанти.
ЎзА