Қарз эвазига мулк мусодара қилинади
Мажбурий ижро ҳаракатлари бошланишига қадар низоли масала суд ёки бошқа органларда бир неча бор муҳокама қилиниб, тарафларнинг ҳолатга доир фикрлари асосида қонуний тўхтамга келинган бўлсада, амалиётда ижро ҳужжатлари ижросини таъминлашга тўсқинлик қилиш ёки бўйин товлаш ҳолатлари ҳамон учраб турибди.
“Бухоро Мега Транс” МЧЖга “Бизнесни ривожлантириш банки” Бухоро вилояти ҳудудий филиали томонидан катта миқдордаги кредит маблағлари ажратилган. Бироқ, олинган кредитлар МЧЖ томонидан ўз вақтида қайтарилмагач, банк судга даъво киритган.
Фуқаролик ишлари бўйича Ромитан туманлараро судининг 2024 йил 30 июлдаги ажримига асосан ундирувчи “Бизнесни ривожлантириш банки” АТБ фойдасига қарздор “Бухоро Мега Транс” МЧЖдан 243.211 АҚШ доллар асосий кредит қарздорлик ва 2,917 АҚШ доллар фоиз қарзи ундириш ҳамда ундирувни гаровга қўйилган кўчмас мулк ва автотранспорт воситаларига қаратиш ҳақидаги ижро ҳужжати Бюронинг Ромитан тумани бўлими иш юритувига келиб тушган ва ижро ҳаракатларига киришилган.
Ижро ҳаракатлари давомида қарздорга ижро ҳужжати мазмун моҳияти тушунтирилиб, ижро ҳужжати ижросини таъминлаш учун ихтиёрий муддат берилган. Бироқ, қарздор МЧЖ кредит қарздорлигини бартараф этиш ўрнига, ижро ҳужжатини ижросини таъминлашдан бўйин товлаб келган.
Ижро ҳаракатлари давомида кредит ажратишда гаровга қўйилган 12 турдаги автотранспорт воситаларига қидирув эълон қилинган.
Бюронинг қидирув ходимлари томонидан амалга оширилган қидирув ҳаракатлари давомида гаров мулки ҳисобланган “HUNDAY” ELANTRA русумли автотранспорт воситаси Бухоро шаҳрида топилиб, тегишли тартибда жарима майдончасига жойлаштирилди.
Ҳозирда, қолган автотранспорт воситаларини топиш борасидаги тадбирлар давом этмоқда.
Зариф Комилов,
ЎзА мухбири.