ФОТОРЕПОРТАЖ
Қарши шаҳри баҳор нафаси ила яшариб, кўклам фусунидан сархуш гўзалга айланмоқда. Павловния дарахтларининг пушти-бинафша гулдасталари шаҳарга сеҳрли бир жозиба бахш этган. Майин пушти рангли дарахт, унинг дилни маст этувчи хушбўй ҳиди ва беғубор кўриниши ҳар бир ўткинчини мафтун этмай қўймайди.
“Кўчаларга кўчди юрак,
Қалдирғочдай учди юрак,
Кўклам билан басма-басга,
Шаҳрим тақди пушти зирак.”
Шоир Нуриддин Эгамовнинг ушбу мисралари айнан баҳорий Қаршининг дил изҳори, унинг гўзалликка ташна қалбининг ифодасидир.
Павлония гуллари остида сайр қилаётган одамларнинг юзидаги табассум, болаларнинг беғубор қувончи, сураткашларнинг бетиним ҳаракатлари – буларнинг барчаси баҳорнинг Қаршига олиб келган сеҳрли оламидан нишонадир.
Қарши аҳли учун баҳор нафақат табиатнинг уйғониши, балки қалбнинг ҳам янгиланишидир. Павлония дарахтлари соясида мириқиб дам олаётган нуроний отахонлар, уларнинг атрофида чарх ураётган шодон болалар, бу манзарани абадийликка муҳрлаётган ёш фотографлар – барчасида бир хил илиқлик, бир хил баҳорий кайфият мужассам.
"Боқинг ял-ял гавҳарига,
Нурдан балдоқ эшди юрак.
Минг офарин заргарига,
Шаҳрим тақди пушти зирак."
Шаҳарга ташриф буюрган меҳмонлар ҳам бу гўзалликдан ҳайратга тушиб, дил изҳорларини яшира олмайди. Уларнинг сўзларида бир хил эътироф янграйди: “Ҳар йили Қаршига келаман, аммо бу баҳор ўзгача жозибага эга. Бу гуллар шаҳарга ҳусн бағишлаб, унинг кўркига кўрк қўшган”.
[gallery-22800]
Жамшид НОРҚОБИЛОВ (сурат), ЎзА