Қаршидаги юридик техникуми янги бинода
Бинонинг тантанали очилиш маросимида Адлия вазири Акбар Тошқулов, вилоят ҳокими Муроджон Азимов, вилоятдаги ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган раҳбарлари, меҳнат фахрийлари, ОАВ вакиллари ҳамда ёшлар иштирок этди.
750 ўринга мўлжалланган бино Адлия вазирлиги томонидан 24 миллиард сўмга яқин маблағ эвазига замонавий талаблар асосида тўлиқ капитал реконструкция қилинди.
Хусусан, техникумнинг 2 та ўқув, маъмурий, ошхона, кутубхона ва ёрдамчи бинолари бир қатор ўзгаришлар билан тўлиқ янгиланди. Замон талабларига мос ҳолда қурилган техникум биносида ахборот ресурс маркази, 5 та катта маъруза, 2 та конференциялар зали, 2 та талабаларга хизмат кўрсатиш маркази, юридик клиника ташкил этилди.
Ўқув хоналаридаги синфларга янги мебель жиҳозлари, электрон доскалар, кондиционер ҳамда кузатув камералари ўрнатилди. Янги компьютерлар билан жиҳозланган ахборот коммуникация технологиялари ўқув хоналари ташкил этилди. Интернетга уланиш тармоқлари янгиланди, сервер қурилмалари ўрнатилди.
[gallery-20935]
Муҳандислик коммуникация тармоқлари, иситиш тизими, электр энергия ва сув таъминоти тизими тўлиқ янгиланди.
Бугунги кунда юридик техникумда 335 нафар ўқувчи учта йўналишда кундузги ва сиртқи таълим шаклида таҳсил олмоқда.
Техникум кафедраларининг Тошкент давлат юридик университети кафедралари билан ўзаро яқин ҳамкорлиги йўлга қўйилган. Таълим сифатини таъминлашга қаратилган комплекс чора-тадбирлар доирасида университет кафедралари профессор ўқитувчилари томонидан техникум педагог кадрлари учун методик семинарлар, ўқув гуруҳларида офлайн ва онлайн тарзда маҳорат дарслари, семинар ва вебинарлар ўтказилиб келинмоқда.
Техникумда битирувчилар бандлигини таъминлашга кўмаклашиш тадбирлари доирасида бандлик органлари ва соҳавий ташкилотлар ҳамкорлигида “Очиқ эшиклар куни”, меҳнат ярмаркалари ҳамда “Каръера куни” тадбирлари ўтказилиб келинмоқда.
Ўтган ўқув йилида 175 нафар техникум битирувчисининг 58 нафари олий таълим муассасаларига суҳбат асосида ўқишга қабул қилинди. Қолган битирувчилар ўз мутахассислиги бўйича турли ташкилотларда меҳнат фаолиятини олиб бормоқда.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари