Қаршида Ўзбекистон – Германия мактаби очилади
Қашқадарё вилояти делегацияси таълим, соғлиқни сақлаш, меҳнат миграцияси ва бошқа йўналишларда ҳамкорликни йўлга қўйиш учун Германияга сафар уюштирди.
Ташриф доирасида “Ernst Klett AG”, “Gunter Papenburg AG”, “SIT International GmbH”, “Holldorf Consult GmbH”, “GFM Group” ва “Avestos GmbH” каби етакчи немис компаниялари вакиллари билан музокаралар ўтказилди.
Учрашувларда касб-ҳунар таълими, ёшларни Германия корхоналарида касбга тайёрлаш ва битирувчиларни келгусида талаб юқори бўлган соҳаларда ишга жойлаштириш масалалари муҳокама қилинди.
Хусусан, Қарши шаҳрида замонавий болалар боғчаси барпо этиш, Ўзбекистон – Германия қўшма мактаби очиш тўғрисида келишувга эришилди. Қашқадарё тиббиёт муассасаларида немис стандартини жорий этиш, немис тили курслари, маданиятлар алмашинуви ва қўшма тадбирлар ташкил этиш имконияти таҳлил қилинди.
Вакилларимиз Германиядаги ўқув марказлари ва тиббиёт муассасалари илғор тажрибасини ўзлаштириш, мазкур муассасалар шарт-шароити билан танишиш имконига ҳам эга бўлди.
Эришилган келишувлар ҳудудни ривожлантириш учун янги имкониятлар очиб, ижтимоий-иқтисодий вазиятни яхшилаш, халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилиши шубҳасиз.
Азиза Алимова, ЎзА