Қарши ва Намангандан - Истанбулга
“Qanot Sharq” маҳаллий авиакомпанияси Ўзбекистоннинг бирданига иккита шаҳридан Истанбулга мунтазам йўловчи рейсларини йўлга қўйди.
“Uzbekistan Airports” компанияси маълумотларига кўра, 11 июндан бошлаб Истанбул ва Наманган ўртасида авиақатновлар йўлга қўйилган. Авиарейслар ҳафтада бир марта, сешанба кунлари Airbus 321 самолётларида амалга оширилади. Шунингдек, 13 июндан авиаташувчи ҳафтада бир марта, пайшанба кунлари Қарши-Истанбул-Қарши йўналиши бўйича парвозларни амалга оширишни бошлайди. Июнь ойи якунларига кўра, Туркия мегаполисига Ўзбекистоннинг саккизта - Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Урганч, Нукус, Фарғона, Наманган ва Қарши шаҳарларидан тўғридан-тўғри мунтазам қатновлар амалга оширилмоқда.
“Qanot Sharq” авиакомпанияси яқин кунлар ичида Қаршидан Москва ва Санкт-Петербургга рейслар йўлга қўйишни режалаштирган.
Роман БОНДАРЧУК тайёрлади, ЎзА