Яқинда ижтимоий тармоқларда қўйилган Қарши шаҳридаги Равоқ маҳалласидаги40-умумтаълим мактабида жорий йилнинг март ойидан буён электр энергияси йўқлиги ҳақидаги постни ўқиб, ишониб ишонмай айтилган манзилга бордик. Аҳвол биз ўйлаганданда ачинарли экан. Очиғи, вилоятнинг маркази Қарши шаҳрида шундай мактабнинг борлигига ҳайрон қолдик.
Мактаб жамоасининг таъкидлашича, ушбу таълим муассасасида ҳақиқатдан ҳам жорий йилнинг март ойидан буён электр токи йўқ. Шу сабаб ўқувчилар мактабдаги моддий техник базадан умуман фойдалана олмайди. Ахборот технологиялари тобора ривожланиб бораётган бир пайтда мазкур мактабда ўқувчилар информатика дарсида назарий маълумотлар олиш билангина чекланмоқда. Информатика ўқитувчисининг айтишича, компьютер хонаси электр токи бўлган пайтларда ҳам деярли очилмаган.
Фикрлар исботи учун 9-Б синфда ўтилаётган информатика дарсини кузатдик. Чироқлар ўчгани боис хонада ёруғлик ҳаминқадар.
– Мана шу мактабда 4 йилдан буён ишлаётган бўлсам, бирор марта компьютер хонасида дарс ўтмаганман, – дейди информатика фани ўқитувчиси Дилдора Сатторова. – Бунинг устига 6-7 ойдан буён электр токи йўқ. Энди хонани очсак ҳам фойдалана олмаймиз. Ҳатто ўша хона калитини беришмайди ҳам. Информатика дарсини амалиёт билан боғлаб ўтмасликни тасаввур қила оласизми. Компьютер қурилмаси ёки ундан фойдаланиладиган дастурлар хусусида гапирсакда компьютернинг ўзини кўрсатмасак, ўқувчи қандай фойдаланишни билмаса, кечирасизу ахборот асрида яшаётган бир пайтда ушбу ҳолат ҳеч бир мантиққа тўғри келмайди. Замонавий таълим методларидан фойдаланиб дарс ўтишни имкони йўқ. Электр токи йўқлиги боис Wi-Fi ишламайди, kundalik.com дастуридан фойдалана олмаймиз. Хуллас кўриб турганингиздек, ўқув адабиётлари орқали ўқувчиларга назарий маълумотларни бериш билан чекланиб қолганмиз.
– Шу мактабга ўқишни бошлаганимиздан буён компьютерни кўрмаганмиз. Ўтган йили электр токи бор эди. Бу йил у ҳам йўқ, – дейди 9Б-синф ўқувчиси Зулҳаё Тўраева. – Информатика дарсларини фақат назарий эмас, амалий бўлишини истаймиз, лекин афсуски бизнинг мактабда бунинг иложи йўқ. Телевизор орқали замонавий жиҳозланган хоналарда таълим олаётган ўқувчиларни кўрсак ҳавасимиз келади. Лекин ноилож ўқияпмиз, бошқа мактабларга ўқишга имконимиз йўқ. Мактабингизни янги қуриб беришади, деб неча йилдан бери айтилади. Бизга янги қурилмаса ҳам чиройли қилиб таъмирлаб, хоналаримизни иссиқ қилиб беришса, компьютер хоналаримиздан бемалол фойдалана олсак етарли эди.
Хона совуқ. Ўқувчилар қалин қишки кийимларга ўраниб олган. Энг ёмони мактабнинг бирорта синфи пол қилинмаган. Ўқувчилар зах бетонда ўқишар экан. Ўқитувчиларнинг айтишича, қиш-қировли кунларда синфхоналарнинг совуқлиги, бетоннинг захлигидан ўқувчилар тез-тез касал бўлади. Қоғозда бор, аммо амалда йўқ компьютер хонасини қидириб биз ҳам овора бўлдик. Охири қулфланган битта хонани мана шу информатика хонаси дейишди. Аммо бир соат ўтирсакда хона очилмади. Хона калити кимлардадир кетганини айтиб баҳона қилишди. Бизки очтира олмаган хона ўқувчилар учун умуман очилмаслигига амин бўлдик. Электр токи масаласини ўрганаётганимизни кимдир маълум қилган шекилли, тезда бир ўрам сим кўтарган электриклар пайдо бўлди. Тасвирга олаётганимизни кўриб улардан бири қаттиқ асабийлаша бошлади. Кейин билсак, шошилинчда у симларни ўз ҳисобидан бозордан сотиб олган экан.
[gallery-4620]
Мактаб шу қадар муаммолар гирдобига чўкиб кетганки, у ерда нафақат электр балки бошқа муаммолар ҳам узоқ йиллардан буён ўз ечимини кутиб ётибди. Масалан, қайси синфга кирмайлик хоналар совуқ. Бугунги кунда туман марказларидан узоқ бўлган кўплаб олис қишлоқ мактабларида кўмир билан бўлсада ишлаб турган қозонхоналар, табиий газ етиб келган ушбу мактабда ишламайди.
Дарси бошлангунча ўқитувчилар совуқ залда кутиб ўтиради. Дарс бошлангач синфхонага киради. Чунки мактабда ўқитувчилар хонаси ҳам йўқ «Ўқитувчилар хонаси» дея ёзилган тахтача илинган хонада эса бирорта стул кўрмайсиз. Мактаб раҳбарияти бу ҳолатни ўқувчилар кўплиги боис хона етишмаслиги билан изоҳлади. Аммо ўрганишларимиз давомида олтитадан зиёд хоналарда қулф осилган. Жисмоний тарбия дарсидан амалий машғулотларни ўтиш учун мўлжалланган спорт зали 2017 йилдан буён мутлақо ишламайди. Бизга берилган маълумотга кўра, қайсидир номаълум ташкилот томонидан авария ҳолатида дея ёпилган ва катта қулф осилган. Шу шу спорт зал ёпиқлигича, таъмирланишини кутиб ётибди.
– Спорт залидан умуман фойдалана олмаймиз, – дейди жисмоний тарбия фани ўқитувчиси Юсуф Нуров. – Кун очиқ пайтлар ташқарида машғулот ўтамиз, совуқ кунларда синфхонада назарий маълумот берамиз. Спорт зали бўйича бир неча бор юқори ташкилотларга мурожаат қилганмиз. Аммо кўриб турганингиздек ечим йўқ.
Бу ярим соат ичида бизга маълум бўлган, кўзга яққол ташланиб турган муаммолар. Ҳали бизга номаълумлари қанча экан билмадик. Мактабдаги кўпчилик ўқитувчилар муаммоларни рўй-рост айтишдан андиша қилди. Исмини ошкор қилишни истамаган ўқитувчилардан бирининг айтишича, мактаб директори муаммоларни кўтариб чиққан ўқитувчилар билан ўчакишиб қолиб, уни қаттиқ жазолар экан. Бизга интервью берган жисмоний тарбия ўқитувчиси мисолида ўзимиз буни гувоҳи бўлдик. Қўпол сўзлар билан ҳақоратлаётган пайтда хонага кириб қолдик. Юқоридаги муаммолар юзасидан мактаб директоридан изоҳ сўрадик.
– Ушбу мактаб 1996 йилда қурилган бўлиб, бугунги кунда ҳақиқатда таъмирталаб аҳволга келиб қолган, – дейди мактаб директори Алишер Рўзиев. – Масалан, спорт зал 2017 йилда авария ҳолатида деб ёпилган. Шундан бери ўқувчиларимиз фойдалана олмайди. Мактаб жиҳозларимиз ҳам яроқсиз ҳолга келиб қолган. Бу масалалар бўйича юқори турувчи ташкилотларга бир неча бор мурожаат қилганмиз. Улар мактабимизни 2022 йилда дастурга қўйилишини айтган. Электр масаласига келсак, мактабга ток маҳалладаги хонадонлар фойдаланадиган трансформатордан келади. Жорий йилнинг баҳор ойларида трансформаторда қисқа туташув юз бергач мактабнинг электр токи ўчиб қолди. Бу бўйича ҳам тегишли ташкилотларга бир неча бор хат билан чиққанмиз. Мутахассислар келиб ўрганиб кетишган насиб этса бартараф этилади.
Директорнинг жавоби шундай бўлди. Лекин ҳақли савол туғилади. Наҳотки, 6-7 ойдан буён биргина электрдаги носозликни аниқлаб, бартараф этишни имкони бўлмаса. Эски бўлсада мавжуд иситиш қувурларини таъмирлашни иложи бўлмаса.
Маълумот ўрнида мазкур таълим муассасаси 278 ўринга мўлжалланган. Айни пайтда эса 632 нафар ўқувчи таълим олмоқда. Уларга 60 нафардан зиёд педагог таълим-тарбия бермоқда. Ушбу ҳолатга Қарши шаҳар халқ таълими бўлимининг қурилиш бўлими бош мутахассиси Аббос Ўринов қуйидагича изоҳ берди.
– Ҳақиқатдан ҳам 40-умумтаълим мактабидан Қарши шаҳар халқ таълими бўлимига электр йўқлиги бўйича жорий йилнинг сентябрь ойида мурожаат келиб тушган, лекин 6-7 ой эмас, – дейди Аббос Ўринов. – Бу бўйича ўрганишлар олиб борилган, яқин кунлар ичида ушбу муаммо тўлиқ бартараф этилади. Иситиш тизимини алмаштириб беришни ҳам режалаштиряпмиз. Спорт зални эса, ишлатса бўлади. Шунчаки оқлаш-кўклаш ишларини амалга ошириш керак холос. Келгусида ушбу муаммолар тўлиқ бартараф этилади. Кейинги йилда мактаб дастурга киритилади ва қўшимча янги ўқув биноси ва мактабни ўзи капитал реконструкция қилинади.
Масъулларни сўзларига кўра, ушбу ҳолатлар арзимаган муаммо, тез кунларда бартараф этилар экан. Аммо қиш-қировли кунларда мактабнинг совуқ синфларидаги бетондан бўлган зах полларда, 3-4 соатлаб ўқиётган ўқувчиларнинг тақдирига ким жавоб беради. Хулоса ўзингиздан.
Ўлмас Баротов,
Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА