Қарши ҳужумнинг “мазаси” йўқ...
Россия-Украина
АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Украина Қуролли кучларининг қарши ҳужум амалиёти оғир кечаётганини тан олди.
“CNN” телеканалига интервьюсида у “Қарши ҳужум аввалги даражада қоляпти, осон кечмаяпти, оғир жанглар кетмоқда”, деган.
Унинг сўзларига кўра, Россия “ишончли мудофаа” ташкил қилган, Украинага “F-16” етказиб берилади, аммо бу анча вақт талаб этади.
Хитой ҳукумати Украинадаги тинч аҳоли, жумладан журналистлар хавфсизлиги таъминланишини талаб қилади. ХХР ТИВ расмий вакили Мао Нин яқинда Запорожье вилоятида Россия ОАВ вакилларига уюштирилган ҳужумни шарҳлар экан, шундай баёнот берди.
“Биз томонларни халқаро гуманитар ҳуқуққа жиддий содиқ қолиш, оддий аҳоли, хусусан журналистлар хавфсизлигини таъминлашга чақирамиз”, деган у. Таъкидланишича, Вашингтон Киев режимини ҳарбий томондан қўллаб, “гуманитар муаммо яратмоқда”.
“Биз доим мулоқот ва музокара Украина атрофидаги зиддиятни ҳал қилишнинг ягона йўли эканини қайд этиб келамиз”, дея қўшимча қилди дипломат.
Қўшма Штатлар собиқ Президенти Дональд Трамп баёнотига кўра, Украина Европа давлатларидан 100 миллиард доллар олиши керак.
“Fox News” телеканалига интервьюсида у янгидан давлат раҳбари бўлса, “Украинага кетаётган маблағни тўхтатиш”га ваъда берди.
“...Иккинчидан, Европа “100 миллиард доллар бериши керак, чунки Қўшма Штатларга нисбатан анча кам сарф қилмоқда”, деди у.
Сиёсатчи қўшимча қилишича, Европа Украинага яқин жойлашган, АҚШ эса “океан ортида”.
Ғарбдан етказиб берилаётган зенит-ракета мажмуаси Украина Қуролли кучлари фойдаланаётган советларнинг С-300 зенит-ракета тизимини алмаштириш учун етмаган, деб ёзди “Forbes” нашри. Хабарда айтилишча, зиддият бошланган пайтда Қуролли кучларда элликка яқин “С-300” мажмуаси бўлган. Ғарб мамлакатлари Киевга қарийб йигирмата “ЗРК SAMP-T”, “Patriot”, “Iris-T”, “NASAMS”, “Crotale” ва бошқа тизимлар етказиб берган.
26 июль куни Брюсселда Украина –НАТО кенгашининг иккинчи йиғилиши бўлиб ўтади. Учрашувда Украина донини Қора денгиз орқали экспорт қилиш масаласи кўриб чиқилади. Бу ҳақда Шимолий Атлантика альянси расмий вакили Оана Лунгеску маълум қилди.
Украина – НАТО кенгаши Альянснинг 12 июлда бўлиб ўтган Вильнюс саммитида ташкил этилган. Муҳим жиҳати шундаки, Киев зарурат туғилганда мустақил равишда тузилма йиғилишини чақириши мумкин.
Украина мудофаа вазири Алексей Резников 2024 йил ўтадиган НАТОнинг кейинги саммитида Украина ташкилотга аъзо бўлишига ишонади. У “CNN” телеканали мухбирига шу ҳақда гапирган. У мамлакатининг Шимолий Атлантика альянсига кириши жанговар ҳаракат тўхтагандан сўнг амалга ошишини ҳам эътироф этди.
Украина ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба Африка мамлакатлари бўйлаб учинчи марта сафарга отланяпти, деб хабар берди маҳкама матбуот хизмати. Аниқлик киритилишча, вазир 23-24 июль кунлари дипломатик муносабатлар тарихида илк бор Экватор Гвинеясига сафар уюштиради. Кулеба Африкага биринчи марта ўтган йил октябрь ойида Сенегал, Кот-д'Ивуар, Гана ва Кенияга борган, иккинчи марта жорий йил май ойида Марокаш, Эфиопия, Руанда, Мозамбик ва Нигерияда бўлган.
Аброр ХОН, ЎзА