Қаровсиз қирғоқларда бўй кўрсатган катта имкониятлар одамлар ҳаётини ўзгартирмоқда
Мустақилликнинг 35 йиллиги
Ариқ ёки канал бўйларини бир кўз олдингизга келтиринг. Кўп ҳолларда қаровсиз, ёввойи ўт-ўланлар босган, чиқиндилар тўпланадиган жой хаёлимизда жонланади. Ундай қирғоқларга болаларни умуман яқинлаштирмаймиз. Илонми, чаёнми чақиб олмасин деймиз.
Бунақа оқар сувларни мамлакатимизнинг кўплаб аҳоли яшаш манзилларида учратамиз. Кейинги йилларда атрофдаги хонадонлар ва аҳоли учун ноқулайлик манбаи бўлган бундай муҳит янги қиёфага ўта бошлади. Ёввойи манзаралар мутлақо ўзгармоқда.
Кечагина ташландиқ ва хавфли бўлган ўша канал бўйлари бугун маҳаллаларнинг энг сўлим, энг гавжум масканлари қаторига кирмоқда. Бу инсонларнинг турмуш тарзи ва одамларнинг кайфиятини тубдан ўзгартираётган ҳаётий ислоҳотлар натижасидир.
Ҳудудларда соҳил бўйи масканлари тартибга солиниб, у ерда замонавий шароитлар яратилаётгани бир вақтнинг ўзида иккита муҳим вазифани ҳал этмоқда. Бир томондан аҳоли учун қулай, хавфсиз ва мазмунли дам олиш масканлари яратиляпти. Иккинчи томондан эса янги иқтисодий имкониятларни ишга солиш орқали ҳудудларни ривожлантиришга кучли туртки берилмоқда.
Бу борада Тошкент вилоятининг Бекобод шаҳридан оқиб ўтувчи “Хос ёз” канали бўйида амалга оширилган бунёдкорлик ишлари алоҳида эътиборга молик. Шаҳар марказидан ўтувчи бу канал бўйи бир пайтлар қаровсиз, тартибсиз ва ташландиқ аҳволда эди. Бугун эса бу ер шаҳарликларнинг энг севимли, сўлим гўшасига айланди.

Лойиҳанинг кўлами ва қамрови чиндан ҳам ҳайратланарли. Канал қирғоғининг узунлиги 2,9 километрни, унга туташ ободонлаштирилган умумий ҳудуд эса 6,5 гектарни ташкил этади. Бу ерда олиб борилган ишларни оддийгина қурилиш десак хато бўлади. Бу рақамлар ортида атрофдаги 8 та маҳаллада истиқомат қилувчи 30 минг нафарга яқин аҳолининг ҳаётий эҳтиёжлари, болаларнинг хавфсизлиги ва оилаларнинг мазмунли ҳордиқ чиқаришига бўлган юксак эътибор мужассам. Маҳаллалар ён-атрофида барча замонавий қулайликларга эга бўлган яшил эко-ҳудуд барпо этилди.
Аҳамиятлиси, мазкур лойиҳанинг умумий қиймати 12,7 миллиард сўмни ташкил этди. Бунда давлат ва хусусий сектор ҳамкорлигининг гўзал намунаси намоён бўлди. Маблағнинг 3,7 миллиард сўми давлат бюджети ҳисобидан йўналтирилган. Қолган 7 миллиард сўми тадбиркорларнинг ўз маблағлари ҳамда 2 миллиард сўми банк кредити ҳисобига молиялаштирилди. Давлат томонидан соҳил бўйида зарур инфратузилма яратиш учун бошланғич маблағ ажратилгани тадбиркорларда катта ишонч уйғотди. Бу ерда тадбиркорлар ўз бизнес лойиҳаларини амалга оширишлари учун кафолатланган ва барқарор муҳитга эга бўлишди.
– Бу ерда ландшафт дизайнига ҳам алоҳида урғу берилиб, 500 туп ноёб манзарали дарахт кўчатлари экилди, – дейди меҳнат фахрийси Гулзира Шарипова. – Замонавий зинапоялар, хавфсизликни назорат қилиш пункти ҳамда болажонларнинг қувончига сабаб бўлаётган улкан чархпалак бу масканни чинакам шодлик марказига айлантирди. Яна яшил технологияларга алоҳида эътибор қаратилди. Қуёш панеллари ўрнатилгани масканнинг мустақил ва тежамкор энергия тизимига эга бўлишини таъминлади. Мана атрофга қаранг, ҳамма хурсанд, сайр қилиб юрибди. Бизга ўхшаган нуронийлар гурунглашиб ўтирадиган жойлар ҳам бўш эмас. Бу ерда ҳамиша шундай кўтаринки ва байрамона кайфият ҳукмрон.
Пухта ишлаб чиқилган мастер-режа доирасида соҳилда мукаммал инфратузилма занжири яратилди. Аҳоли, айниқса, ёш болалар ва кексалар хавфсизлигини таъминлаш учун 3 километр узунликда пиёдалар йўлаги ва 5,4 километрлик мустаҳкам тўсиқлар қурилди. Сув устида барпо этилган 2 та кўприк ҳудудга ўзгача кўрк бағишлади. Ҳудуднинг ҳамиша яшнаб туриши учун 8 та замонавий сув насоси ва 1,5 километрлик суғориш тармоқлари ишга туширилди. Оқшом сайрлари аҳолига завқ бағишлаши учун 190 та замонавий ёритиш чироғи, соҳил бўйлаб 55 та шинам ўриндиқ ва чиқинди қутилари жойлаштирилди.

Бу каби хайрли ва пухта ўйланган ташаббуслар бошқа ҳудудларни ҳам қамраб олмоқда. Масалан, Ўрта Чирчиқ туманидаги Қорасув канали бўйида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари ҳам таҳсинга лойиқ. Бу ерда ўтган йили бошланган қурилиш ишлари натижасида 32 миллиард сўмдан зиёд маблағ ҳисобидан соҳил бўйининг 9 километр узунликдаги қисми ободонлаштирилмоқда.
Икки босқичда амалга оширилаётган лойиҳанинг дастлабки босқичида Тинчлик ва Қорасув маҳаллалари оралиғидаги 1,6 километрлик соҳил қисми фойдаланишга топширилди. Бу ерда пиёдалар йўлаклари, гўзал фаввора, воркаут майдончалари, салқин аквапарк ҳамда кўприк ости туннели аҳоли хизматида. Манзарали дарахтлар, қулай ўриндиқлар, умумий овқатланиш ва хизмат кўрсатиш шохобчалари ҳудудга ўзгача файз бағишламоқда. Лойиҳанинг кейинги босқичида эса Қорасув, Роватак ва Файзобод маҳаллаларидан ўтувчи қисмида замонавий кўнгилочар, дам олиш ва гастрономик кўчалар ташкил этилиб, савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари сони 6 тага етказилади.
Хўш, бу каби хайрли ва кенг кўламли лойиҳалар аввало давлатга нима беради? Аввало, йиллар давомида фойдаланилмай ва қаровсиз ётган “ўлик майдонлар” тартибга келмоқда. Натижада бу ерлар иқтисодий жиҳатдан самарадор бўла бошлади. Масалан, Бекободдаги лойиҳанинг ўзида 27 та янги савдо ва хизмат кўрсатиш объекти ташкил этилиб, маҳаллий бюджетга йиллик 1 миллиард сўм миқдорида қўшимча тушум кафолатланди. Ўрта Чирчиқдаги лойиҳада ҳам савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчалари кўпайтирилмоқда. Масаланинг энг муҳим жиҳатларидан яна бири ҳудудда жиноятчилик ва хавф-хатарлар камаяди, ободлик ва тартиб қарор топади.

Бу лойиҳаларнинг натижасини оддий халқ яхши ҳис қилади. Аҳоли уйининг ёнгинасида тоза, хавфсиз, яшил ва замонавий дам олиш масканига эга бўлмоқда. Ота-оналар фарзандларининг хавфсизлигидан хавотир олмай сайр қилади. Нуронийлар ва ёшлар саломатлик учун воркаут ва пиёдалар йўлакларидан фойдаланишади. Энг муҳими, Бекободдаги лойиҳа орқали 167 та, Ўрта Чирчиқдаги кейинги босқич ҳисобидан 150 та оила вакиллари маҳалласининг ўзида доимий, даромадли иш ўринларига эга бўлмоқда.
Бугун мамлакатимиз бўйлаб ана шундай янгиланиш ва бунёдкорлик нафасини туясиз. Обод масканлар кўпаяётгани, инсон қадри улуғланиб, энг чекка маҳаллаларга ҳам замонавий қулайликлар кириб бораётгани қувонарли. Буларнинг барчаси Мустақиллигимиз шарофатидир. Энг улуғ, энг азиз айём арафасида ана шундай лойиҳаларнинг фойдаланишга топширилаётгани элимизга байрамона кайфият бағишламоқда. Инсон учун, унинг бебаҳо бахти ва фаровонлиги учун хизмат қилаётган бундай эзгу ишлар бардавом бўлсин.
Икром АВВАЛБОЕВ,
ЎзА мухбири