Қарор ва ижро: тиббиётда янги тизим
Мамлакатимизда аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш учун тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Президентимизнинг 2022 йил 26 январдаги «Юрак-қон томир касалликларининг олдини олиш ва даволаш сифатини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» ги қарори бу борадаги ишлар самарадорлигини янада оширишда муҳим дастуриламал бўлмоқда.
Аҳолига кўрсатилаётган кардиологик ва кардиожарроҳлик хизматлари сифатини яхшилаш, ҳудудларда юрак-қон томир касалликларининг олдини олиш, барвақт аниқлаш ва самарали даволаш ишларини кенгайтириш, беморлар учун қулай шароит яратиш, уларни зарур дори воситалари билан узлуксиз таъминлаш ҳамда Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази фаолиятини трансформация қилиш мақсадида имзоланган ушбу қарорда юрак-қон томир касалликларининг олдини олишда асосий йўналишлари белгиланди.
Бирламчи тиббиёт муассасалари томонидан даврий тиббий кўрикларни йўлга қўйиш ҳамда соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш, эҳтиёжманд аҳоли қатламларини зарур дори воситалари билан бепул таъминлаш, ҳудудларда кўрсатилаётган юқори технологик, каминвазив кардиологик ҳамда кардиожарроҳлик тиббий хизматлар кўламини ошириш, бирламчи бўғиндаги мутахассисларнинг касбий кўникмаларини ривожлантириш ва салоҳиятини ошириш, соҳада илм-фанни ривожлантириш,•юрак-қон томир касалликлари бўлган беморларга тиббий хизмат кўрсатиш тизимини рақамлаштириш шулар жумласидандир. Бундан ташқари, асосланган ҳисоб-китоблар ҳамда эҳтиёжга кўра туманлардаги шифохоналарни 4 турдаги кардиология ускуналари билан жиҳозлаш ҳисобига кўрсатиладиган хизмат турларини 15 тага етказишда ушбу қарор ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.
Шунингдек, ушбу қарор билан кардиология хизматини 2022-2024 йилларда янада ривожлантиришга йўналтирилган чора-тадбирлар дастури, ушбу чора-тадбирлар дастурини амалга ошириш самарадорлигини аниқлаш кўрсаткичлари ҳамда Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази филиаллари ҳамда маҳаллий тиббиёт бирлашмаларининг кардиология бўлинмаларини 2022 йилда тиббий ускуналар билан жиҳозлашга доир чора-тадбирлар ҳам тасдиқланди.
Айниқса, ушбу қарорда шошилинч ва кечиктириб бўлмайдиган тиббий ёрдам кўрсатиш зарур бўлган ҳолатларда ўткир коронар синдроми билан оғриган беморлар учун коронарография ва бирламчи стентлаш амалиётларини Марказнинг ҳудудий филиаллари, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг ҳудудий филиаллари, туманлараро қўшма шикастланишлар ва ўткир қон-томир касалликлари марказлари ҳамда бошқа ангиограф ускунаси мавжуд даволаш-профилактика муассасаларида Давлат бюджети ҳисобидан амалга оширилишининг белгилангани айни муддао бўлди.
Соғлиқни сақлаш вазирининг «Республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказларида Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан даволанадиган касалликлар рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида» ги буйруғи билан Республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказларида Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан даволанадиган касалликлар рўйхати тасдиқланганини ҳам алоҳида эътироф этиш лозим. Таъкидлаш лозим, кардиология хизматини 2022-2024 йилларда янада ривожлантиришга йўналтирилган чора-тадбирлар дастурининг 12-бандида юрак-қон томир касалликларини ташхислаш ва даволашга оид зарур маълумотларни аҳолига етказиш белгиланган.
Саодат САРИБОЕВА,
Ихтисослаштирилган илмий-амалий текширув маркази
Тошкент вилояти минтақавий филиали бўлим мудири
ЎзА