Кадастр агентлиги Андижон вилояти бошқармаси, унинг туман, шаҳар бўлимлари томонидан кадастр соҳасига оид қонун, фармон ва қарорлар ижросини таъминлаш, тизимда олиб борилаётган ишлар самарадорлигини ошириш, айниқса, ерларнинг ҳисобини юритиш, ерлардан самарали фойдаланишни ташкил этиш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.
Жумладан, Президентимизнинг жорий йил 21 февралдаги “Ер участкаларидан фойдаланишда давлат назорати самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифалар ижросини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ушбу қарор билан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси таркибида Ер ресурслари талон-торож қилинишининг олдини олиш бошқармаси, Ер тўғрисидаги қонун бузилиши ҳолатларини аниқлаш юзасидан тезкор-қидирув фаолияти самарадорлигини ошириш мақсадида Ички ишлар вазирлиги Тезкор-қидирув департаменти таркибида Ер ресурслари талон-торож қилинишига қарши курашиш бўлими, ҳудудий тезкор-қидирув хизматларида эса Ер ресурслари талон-торож қилинишига қарши курашиш бўлинмалари ташкил этилди.
Шунингдек, мазкур қарорда, ер участкаларидан оқилона фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш, ер участкаларини ажратиш, янги ерларни ўзлаштириш ҳамда қишлоқ хўжалиги муомаласига киритиш билан боғлиқ республика ва маҳаллий дастурларда белгиланган тадбирларнинг ўз вақтида ва тўлиқ ижро этилиши юзасидан мунтазам назорат ўрнатиш, “Ер кодекси”да белгиланган талабларга риоя қилинишини таъминлаш, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорларини ишлаб чиқиш, келишиш ва рўйхатдан ўтказишнинг ягона электрон –“E-qaror” тизимини доимий равишда мониторинг қилиш ҳамда қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бўлмаган қарорларга нисбатан таъсир чораларини кўриб бориш, ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаш ва улардан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларини барвақт аниқлаш ҳамда ҳуқуқбузарлик содир этган шахсларга нисбатан жазонинг муқаррарлиги таъминланиши ва бошқа бир қатор вазифалар белгиланган.
Бундан ташқари, ер участкаларидан оқилона фойдаланиш ва муҳофаза қилишда жамоатчилик назоратини кучайтириш мақсадида 2022 йил 1 мартдан бошлаб аҳоли ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаш ва улардан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари бўйича Бош прокуратура (1007 қисқа рақами)га юборилган фотосурат ва видеоёзувлар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда кўриб чиқиш бўйича қўшимча вазифалар белгилаб қўйилди.
Бу борада Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлигига ҳам қатор вазифа ва топшириқлар юклатилган. Жумладан, Кадастр агентлиги ер тоифасидан қатъи назар барча турдаги ер участкалари ҳамда бино-иншоотларга бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказмаслик ҳолатларини аниқлаш, ер участкаларининг ўзбошимчалик билан эгаллаб олинишига ва чегараларини ўзбошимчалик билан ўзгартиришга йўл қўймаслик чораларини кўриш, ердан мақсадли фойдаланилиши устидан давлат назоратини кучайтириш вазифаси белгилаб берилди.
Бундан ташқари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳамда маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ҳоким ёрдамчиларига ўз ҳудудида қурилиши бошланган ҳар қандай бино ёки иншоотларнинг қонунийлигини аниқлаш мақсадида маҳаллий ижро этувчи ҳокимият ҳамда қурилиш ва кадастр органларига сўров юбориш ҳуқуқи берилди. Бунда сўровлар 5 иш кунида мажбурий тартибда кўриб чиқилиб, қурилиши бошланган бино ва иншоотларга рухсат берувчи ҳужжатларнинг мавжуд ёки мавжуд эмаслиги тўғрисида маълумот тақдим этиладиган бўлди.
Юқоридаги қарорда кадастр тизими соҳага юклатилган вазифалар ижросини таъминлаш, яъни ердан фойдаланиш, ер билан боғлиқ қонун бузилиш ҳолатларини барвақт аниқлаш, маъмурий баённомалар расмийлаштириш ва судларга даъво аризалари киритиш тартиблари бўйича услубий қўлланмалар ишлаб чиқилиб, ходимларга тарқатилди. Шунингдек, “Ер ва кадастр назорати” ва “Маъмурий амалиёт” ишларини юритишда ўзаро фикр алмашиш, маслаҳатлар сўраш мақсадида “Инспектор назорати” телеграмм канали ишга туширилди.
Бошқарма бошлиғи раҳбарлигида ҳафтанинг ҳар жума куни соҳада прокуратура, адлия, ички ишлар бошқармаси ходимлари билан ҳамкорликда “Ер қонун бузилишларнинг олдини олиш ва барвақт аниқлаш куни” деб эълон қилинди. Шу куни соҳада олиб борилаётган ишлар таҳлил қилиниб, келгусида амалга оширилиши лозим бўлган вазифаларни белгилаш, соҳа ходимларининг билим ва малакаларини оширишга қаратилган ўқув семинарлари ўтказилиши йўлга қўйилди.
Қарор ижросини таъминлаш борасида вилоятда олиб борилган назорат тадбирлари доирасида 2022 йилнинг 9 ойи давомида 832 та ҳолатда 82,61 гектар ер майдонини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш ҳолати аниқланди.
Ер билан боғлиқ қонун бузилиш ҳолатларини бартараф этиш бўйича олиб борилган тарғибот ишлари натижасида 538 та қонун бузилиш ҳолати унга йўл қўйган шахслар томонидан ихтиёрий равишда бартараф этилди. Бартараф этилмаган 237 та ҳолат бўйича тегишли тартибда ҳужжатлар расмийлаштирилиб, судларга даъво аризалари киритилди.
Шунингдек, 173 та ҳолатда аниқланган қонун бузилиш ҳолатларида жиноят аломатлари мавжуд бўлганлиги сабабли ҳуқуқий баҳо бериш учун прокуратура органлари ва Агентлигимиз томонидан ишлаб чиқилган қўшма тартиб асосида ҳужжатлар расмийлаштирилиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларига юборилди. Ана шу ҳужжатлар асосида 32 та жиноят иши қўзғатилди, қолган ҳолатлар бўйича суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Юқорида қайд этилган қарорда тизимда “Маъмурий амалиёт” ишларини олиб бориш бўйича ҳам вазифалар юклатилган. Мазкур йўналишдаги ишларни ташкил этиш бўйича қатор семинарлар ўтказилди, мутахассисларимизнинг билим ва малакалари оширилди.
Маъмурий амалиёт йўналишида ўтган тўққиз ой давомида ер қонун бузилиш ҳолатларига йўл қўйган 3 минг 822 нафар фуқаро томонидан маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этилганлиги аниқланиб, уларнинг 2 минг 386 нафарига маъмурий чоралар кўрилди. Яъни уларга нисбатан 7 миллиард 103 миллион сўмдан ортиқ миқдорда жарима қўлланилди.
Қарор ижросини таъминлаш мақсадида соҳада халқаро стандартларга жавоб берадиган махсус “E-yer nazorat” (ID) дастури яратилган. Ушбу дастурнинг мақсади, ер қонун бузилиш ҳолатлари бўйича маълумотлар базасини шакллантиришдир. Дастурда ер қонун бузилишининг тури, майдони, жойлашган манзили, қачон ва қандай ҳолатда йўл қўйилганлиги, унга нисбатан кўрилган чоралар бўйича суд, прокуратура, ички ишлар, мажбурий ижро бюроси билан ҳамкорлик йўлга қўйилиб, маълумотлар алмашиб борилмоқда.
Таъкидлаш керакки, қарор мазмун-моҳияти, қолаверса, ерга оид қонун бузилиш ҳолатларининг олдини олиш, ер майдонларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш ҳолатларини барвақт аниқлаш, оқибатлари ва жавобгарлик масалалари юзасидан аҳоли, меҳнат жамоаларида тарғибот-тушунтириш ишлари доимий равишда олиб борилмоқда.
Ботиржон Мирзааҳмедов,
Кадастр агентлиги Андижон вилояти
бошқармаси бошлиғи ўринбосари
ЎзА