Қарор ва ижро: Бўстонлиқда туризм ривожланмоқда
Тошкент вилояти Бўстонлиқ тумани ўзининг табиати, сўлим гўшалари билан дам олувчиларни ўзига жалб этади. Шу сабабдан сайёҳлар оқими йил сайин ортмоқда. Ҳудуднинг туристик салоҳиятини янада ривожлантириш, ундан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, ҳудудга маҳаллий шу билан бирга хорижий туристларни жалб этиш, қулай шароитлар яратиш, замонавий инфратузилмани ривожлантириш мақсадида тизимли ишлар бажарилмоқда. Бугунги кунда тоғли ҳудудларда дам олиш масканлари, меҳмонхона ва транспорт хизматларини кенгайтириш ва сифатини яхшилаш борасида зарур чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 7 ноябрдаги “Бўстонлиқ туманида ерлардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш ва уларнинг муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини янада ривожлантириш тўғрисида” ги қарори ижросини таъминлаш, ҳудудда фойдаланилмаётган объектлар ҳамда ер участкаларидан самарали фойдаланишни йўлга қўйиш мақсадида мунтазам равишда “E-AUKSION” ягона электрон савдо майдончаси орқали сотувга қўйилмоқда. Жорий йилнинг апрель ойида электрон платформа орқали “Чорвоқ” туристик-рекреацион зонасида меҳмонхона, дам олиш маскани ва пикник зона барпо этиш шартлари билан ер участкалари узоқ муддатли ижара ҳуқуқи асосида савдога қўйилди ва тадбиркорлар томонидан учта лот электрон савдоларида харид қилинди.
Улардан бири Бўстонлиқ туманидаги “Новобод” МФЙ ҳудудида жойлашган ер майдонлари учун ўтказилган навбатдаги аукцион савдоларида бир неча талабгор орасидан энг мақбул таклифларни тақдим этган “OSTEX JIZZAKH” МЧЖ қўшма корхонаси ғолибликни қўлга киритди. Аукцион ғолиби харид қилинган 4,8 гектар ер майдонида 1,2 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритган ҳолда жаҳон стандартларига жавоб берадиган 100 ўринли замонавий меҳмонхона қуриш ва 30 иш ўрни яратиш мажбуриятини олди.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, ҳудуддаги ер участкаларининг ижара ҳуқуқини аукцион орқали сотишдан келиб тушган пул маблағларининг асосий қисми “Чорвоқ” ТРЗ инфратузилмасини такомиллаштириш, хусусан, электроэнергия, газ ҳамда сув таъминоти, канализация, кириш йўллари ҳамда кўприкларни таъмирлаш ва ривожлантириш ишларига йўналтирилади.
А.Мусаев,
ЎзА.