Қарор ижроси вилоят ҳокими назоратида
Тошкент вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Зойир Мирзаев ҳудудлардаги иссиқлик таъминоти тизимини тиклаш, ривожлантириш, ичимлик сув таъминоти ва оқова сув тармоқларини яхшилаш ҳамда автомобиль йўлларини қуриш, таъмирлаш ишлари юзасидан амалга ошириладиган лойиҳалар билан танишди.
Мазкур режалар юзасидан Тошкент вилояти ҳокимининг шаҳарлар инфратузилмасини ривожлантириш, ободонлаштириш ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари Барҳаёт Мелиев маълумот берди.

Хусусан, Президентимизнинг "Тошкент вилоятида тадбиркорликни янада қўллаб-қувватлаш ва муҳандислик-коммуникация тармоқларини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида" ги қарорига асосан иссиқлик таъминоти, ичимлик сув, автомобиль йўлларини таъмирлаш ва туман-шаҳар ободонлаштириш бошқармаларини махсус техникалар билан таъминлаш учун Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ҳисобидан 50 миллион доллар миқдорида маблағ ажратилиши кўзда тутилган.

Шундан келиб чиқиб, жойларда 460,9 километр ичимлик сув тармоқлари, 41 дона ичимлик сув иншоотлари, 30,7 километр оқова сув тармоқлари, оқова сувни тозалаш иншооти, йўл қурилиши ва коммунал соҳага оид ўнга яқин лойиҳалар режа қилинган. Бугунги кунда вилоятда 935 дона ичимлик сув насос агрегатлари мавжуд бўлиб, шулардан 2022 йилда 187 таси замонавий энерго тежамкор насос агрегатлари ташкил этиш кўзда тутилган. Тақдимотда мазкур ишлар учун 12 миллиард сўм маблағ талаб этилиши айтиб ўтилди. Шунингдек, Зойир Мирзаевга Тошкент тумани чегара қўриқлаш взводи ҳудудида турар ва нотурар жой объектларини кўчириш бўйича ҳам таклифлар берилди. Бу ишларга масъул бўлган мутахассислар режаларни мазкур йўналишларга алоқадор бўлган ҳоким ўринбосарлари ва мутасаддилар билан бамаслаҳат ҳолда кўриб чиқиши зарурлиги қайд этилди.

Мутасаддиларга қилинган тақдимот лойиҳаларини қайтадан тайёрлаш ҳамда ҳар бир ишни ўз вақтида ва самарали амалга ошириш юзасидан кўрсатмалар берилди.
А.Мусаев,ЎзА.