Қарши шаҳрида Республика Маънавият ва маърифат маркази Қашқадарё вилояти бўлими томонидан Президентимизнинг 2021 йил 26 мартдаги «Маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижроси ва унинг мазмун-моҳиятига бағишланган семинар ташкил этилди.
Марказнинг шаҳар ва туман бўлинмалари вакиллари таклиф этилган семинарда таъкидланганидек, мамлакатимизда ҳуқуқий давлат, фуқаролик жамиятини барпо этишда «Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари» ғоясини рўёбга чиқаришда маънавий-маърифий ислоҳотлар самарадорлигини янада ошириш тақозо этилаётир.
Шу мақсадда Республика Маънавият ва маърифат марказининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бўлимларига қўшимча 2 тадан, туман (шаҳар) бўлинмаларига аҳоли сони 200 мингдан ортиқ бўлганда 2 тадан, 200 мингдан кам бўлган тақдирда эса 1 тадан қўшимча штат бирликлари ажратилди.
Жумладан, Қашқадарё вилоятидаги шаҳар ва туманларда ҳам аҳоли сонига қараб тарғибот ишларини ташкил этиш ва мувофиқлаштириш бўйича бош мутахассис ҳамда маҳаллаларда маънавий-маърифий ишларни мувофиқлаштириш бўйича етакчи мутахассислар иш бошлади.
Семинарда улар фаолиятининг асосий йўналишлари, галдаги мақсад-вазифаларга алоҳида тўхталиб ўтилди.
[gallery-2551]
– Қарорда маънавий-маърифий ишлар самараси ва таъсирчанлигини ошириш, кўлами ва миқёсини янада кенгайтириш бўйича қатор муҳим вазифалар белгиланган, – дейди Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими раҳбари Лола Саодатова. – Жумладан, халқимиз, айниқса, ёшларни маънавий таҳдидлардан ҳимоя қилиш бўйича ташкилий-амалий ва илмий-тадқиқот ишлари олиб бориш, бу борада давлат ташкилотлари, фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари ҳамда хусусий секторнинг ижтимоий ҳамкорлигини самарали йўлга қўйиш, ислоҳотларга дахлдорлик ҳиссини кучайтириш каби улуғ мақсадлар олдимизда турибди. Бугунги тадбирда ходимларимиз масъулиятини ошириш ва замон билан ҳамнафас ҳаракат қилиши бўйича тушунчалар берилди.
– Махсус комиссия суҳбатидан ўтиб, маънавий-маърифий жабҳада фаолият бошладим, – дейди Марказ Китоб тумани бўлинмаси бош мутахассиси Аҳмаджон Самиев. – Айни пайтда умумтаълим мактабларига бириктирилган ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчилар билан ишлаб, «Бир зиёли – бир маҳалла» йўналишида тадбирлар ўтказаяпмиз. Қолаверса, маънавият тарғиботида ижтимоий тармоқлар имкониятларидан унумли фойдаланишга ҳаракат қиляпмиз. Қизиқарли видеороликлар, одамлар эътиборини тортадиган маъруза матнлари, тақдимотлар, кўргазмали воситалар тайёрлашга эътибор қаратганмиз.
Тадбир иштирокчилари шу куни Абдулла Орипов номидаги ижод мактаби фаолияти билан танишишди. Маълумот берилганидек, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги томонидан 2021-2022 ўқув йилига мўлжалланган қабул квоталари ишлаб чиқилган бўлиб, шунга мувофиқ, иқтидорли, изланувчан ва ижодкор ўқувчиларни ижод мактабига жалб этишда ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчилар ёрдамидан кенг фойдаланишга келишиб олинди.
Ўлмас Баротов,
ЎзА