Қариялар учун тиббий хизмат
Андижон шаҳридаги “Саховат” кексалар ва ногиронлар интернат уйида яшовчилар чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг ўттиз икки йиллик байрами олдидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан эълон қилинган “Кексалар саломатлиги ойлиги” доирасида Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази Андижон филиалининг малакали шифокорлари томонидан қариялар уйида истиқомат қилаётган 95 нафар кекса ва ногиронлиги бўлган шахснинг саломатлиги текширувдан ўтказилди.
[gallery-13228]
– Шифокорларнинг ташаббусидан отахон ва онахонлар беҳад мамнун бўлди, – дейди “Саховат уйи” директори Отабек Исмоилов. – Айниқса, юрак хасталиклари доирасида ўтказилган тиббий текширувлар уларнинг саломатлигини муҳофаза қилиш, юзага келиши мумкин бўлган касалликларнинг олдини олишга ёрдам берди.
Тиббий кўрик давомида ўткир ва сурункали хасталиклар бор отахон ва онахонлар бирламчи бўғинда амбулатор шароитда, стационар ёрдамга муҳтожларнинг эса тегишли тиббиёт муассасаларида даволаниши белгиланди, уларга йиллик даволаниш режалари белгилаб берилди.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ, З. УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА