Эрта турмуш қуриш ёки яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳ қандай оқибатларга олиб келишини деярли ҳаммамиз яхши биламиз. Бу борада қатор тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. Аммо шунга қарамай, қизларни эрта турмушга бериш ёки яқин қариндошларнинг никоҳи ҳамон учраб турибди. Бу эса оилаларни мустаҳкамлаш, ён шажара бўйича яқин қариндошлар ўртасида никоҳ тузишнинг олдини олишга қаратилган қонунчилик ҳужжатларини такомиллаштиришни тақозо этмоқда.
«Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили» Давлат дастурида шунингдек, жорий йил 20 февраль куни Президентимиз раислигида ижтимоий ҳимоя соҳасидаги устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида Олий Мажлис Сенати ҳамда Қонунчилик палатасига тегишли вазирлик ва ташкилотлар билан биргаликда келажак авлод саломатлигига салбий таъсир қиладиган қариндошликнинг барча даражасидаги никоҳ тузишга йўл қўймасликни қонун билан белгилаш масаласини муҳокама қилиш ва таклиф киритиш вазифаси белгиланган.
Ушбу вазифалардан келиб чиқиб, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси томонидан «Қариндошлар ўртасидаги никоҳ: сабаб ва оқибатлар» мавзусида давра суҳбати ўтказилди.
Тадбирда яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳ масаласи мутахассислар томонидан кенг ўрганилгани, бундай никоҳнинг салбий оқибатлари илмий жиҳатдан ўз исботини топгани, қариндошлар ўртасидаги никоҳ миллатнинг ирсий заифлашувига сабаб бўлиши, кузатувлар кўп ҳолларда яқин қариндошлардан туғилган болаларда ирсий касалликлар яққол намоён бўлишини кўрсатгани таъкидланди.
Мутахассисларнинг айтишича, бир-бирига бегона бўлган эру хотиннинг туғилажак боласига қараганда қариндошлар ўртасида туғилажак болада ирсий касаллик хавфи 3-4 баравар кўплиги ва турли нуқсонлар кузатилади. Ирсий касалликлар боланинг ёшлигида билинмай, ёши ўтавергач юзага чиқиши мумкин. Сўнгги йилларда ажримга сабаб бўлаётган ҳолатлардан бири ҳам қариндош-уруғлар ўртасидаги никоҳдан оилада ногирон болаларнинг туғилаётгани билан боғлиқ.
Яқин қариндошлар ўртасида тузилган никоҳлардан ногирон фарзандлар туғилиши хавфини ўрганиш, натижалари асосида ён шажара бўйича яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳни тақиқлаш бўйича қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш зарурати юзага келмоқда. Шу мақсадда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Сенат аъзолари, Адлия вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва манфаатдор давлат органлари вакилларидан иборат Ишчи гуруҳ тузилган бўлиб, ўрганишлар ва муҳокамалар ўтказилмоқда.
– Турмуш қурган яқин қариндошларнинг фарзанди аксарият ҳолларда ногирон туғилиши фан ва тиббиётда аллақачон исботланган, – деди Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси раиси Мавлуда Хўжаева. – Маълумотларга кўра, биргина 2023 йилда Республика Она ва бола скрининг марказига мурожаат қилган 9 минг 14 нафар боланинг 796 тасида ирсий касалликлар аниқланган. Касалликлар тури бўйича таҳлил қилинганда, нерв-мушак тизимининг ирсий касалликлари аниқланган 265 та боланинг 88 таси, яъни 33,3 фоизи қариндошлар ўртасидаги никоҳдан туғилган болалар эканлиги маълум бўлган. Шу сабабли яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳларнинг салбий оқибатлари борасида аҳоли ўртасида тушунтириш, ташвиқот ишларини янада кучайтириш зарур.
Давра суҳбати давомида ён шажара бўйича яқин қариндошлар ўртасида никоҳ тузишни тақиқлаш мақсадида Оила кодексига тегишли ўзгартириш киритишни назарда тутувчи қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш масаласи муҳокама қилинди. Бу борада таклифлар тайёрлашга келишиб олинди.
М.Комилова, ЎзА