ҚарДУда тиббиёт йўналишида мутахассислар тайёрланади
Россия Федерациясининг Нижегород вилояти ҳукумати ҳамда Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ўртасида 2021 йил 5 апрелда савдо-иқтисодий, илмий-техник ва гуманитар соҳаларда тузилган ҳамкорлик битимига мувофиқ, жорий йилнинг 9 июль куни Қарши давлат университети ҳамда Приволжск тадқиқот тиббиёт университети (ПТТУ) билан видеоконференция ташкил этилган эди.
Унда Қашқадарё вилояти ҳокимлиги вакиллари, ҚарДУ раҳбарияти, ҳамкор Приволжск тадқиқот тиббиёт университетидан Нижегород вилояти ташқи алоқалар департаменти директорининг ўринбосари В.Прелов, Приволжск тадқиқот тиббиёт университети ректори Н.Карякин ва бошқалар иштирок этди.
Учрашувда икки вилоятлар ўртасида илмий-техник, гуманитар соҳаларда ҳамкорликни йўлга қўйиш борасида мулоҳазалар тингланиб, Қашқадарё вилоятида тиббиёт соҳасида салоҳиятли ва сифатли кадрлар тайёрлаш мақсадида бакалавриат таълим йўналиши бўйича даволаш иши (25 нафар), педиатрия иши (25 нафар) ва фармация (25 нафар) қўшма таълим дастурлари ташкил этиш юзасидан расмий шартномалар имзоланди.
[gallery-3076]
Ҳамкорлик келишувига кўра, 2021-2022 ўқув йилидан бошлаб фармация бакалавриат таълим йўналишига қабул қилинадиган талабалар учун Приволжск тадқиқот тиббиёт университети таълим ресурсларидан фойданилган ҳолда ҳамкор олий таълим муассасаси профессор-ўқитувчилари томонидан 5 йил давомида дарслар ташкил этилиши ва таълим якунида Қарши давлат университети дипломи тақдим этилиши кўзда тутилган. Шунингдек, даволаш иши, педиатрия иши бакалавр таълим йўналишлари бўйича 3 йил Қарши давлат университетида ва 3 йил Привожлск тадқиқот тиббиёт университетларида таҳсил олинади. Университетларни муваффақиятли тугатган талабалар бир вақтнинг ўзида 2 та ОТМнинг ўзаро тан олинган дипломига эга бўлади.
Маълумот учун, Қарши давлат университетида 37 та Россия олий таълим муассасалари билан халқаро шартнома, келишувлар имзоланган. 2019 йилдан буён Қарши давлат университети Россия Федерациясининг Белгород давлат миллий тадқиқот университети, Москва давлат лингвистика университети ҳамда Белорусь Республикасининг қўшма таълим дастурлари (иккита диплом) бўйича 1+1, 3+1, 2+2 шаклда 3 та магистрлик дастури, 4 та бакалавриат йўналишлари доирасида кадрлар тайёрланмоқда. 2020-2021 ўқув йилида қўшма таълим дастурларида 159 нафар талаба таҳсил олмоқда. 2021-2022 ўқув йилида яна 1 та магистрлик дастури ва 4 та бакалавриат йўналишлари ташкил этиш режалаштирилмоқда.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА