ҚарДУда қуёш панеллари ўрнатилди
Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 16 февралдаги “2023 йилда қайта тикланувчи энергия манбаларини ва энергия тежовчи технологияларни жорий этишни жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори мамлакатимизда энергия тақчиллиги қопланишини таъминлашга қаратилган муҳим ҳужжат бўлди.
Хусусан, қайта тикланувчи энергия манбаларини ва энергия тежовчи технологияларни жорий этиш борасида Қарши давлат университетида ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Олий таълим муассасасида ҳозирги кунга қадар жами 910 кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқарувчи қуёш панеллари ўрнатилди. Шундан фойдаланишга яроқсиз, шўрланиш даражаси юқори, собиқ чиқиндихона жойлашган ер майдонида бунёд этилган гелиополигонда 510 кВт/соат қувватли қуёш панеллари ўрнатилди. Ўз навбатида университетнинг барча биноларини қуёш панеллари орқали ишлаб чиқариладиган электр энергияси билан таъминлаш имконияти яратилди.

Натижада бир ойда 152 минг 880 кВт электр энергияси ишлаб чиқарилиб, 152 миллион 880 минг сўм маблағ тежашга эришилди. Шунингдек, ҳозирда соатига 254,8 кВт ортиқча ишлаб чиқарилган электр энергиясини Қарши шаҳар электр тармоқлари корхонасига сотиш бўйича шартнома имзолаш жараёнлари кетмоқда. Натижада бир ойда 61 миллион 152 минг сўм (61152 кВт) ва бир йилда қарийб 734 миллион сўм (733 минг 824 кВт) даромад олиш имконияти яратилади. Бундан ташқари, олийгоҳ ҳудудида 89 дона 200 Ватт қувватга эга қуёш панелли тунги ёритгичлар ҳам ўрнатилди.
Юртимиз серқуёш замин. Бу эса муқобил, шу жумладан, қуёш энергиясидан фойдаланишда катта табиий имконият тақдим этади. Қарши давлат университетида қисқа давр ичида “яшил энергетика”га ўтиш борасида мустаҳкам пойдевор қўйилиб, салмоқли натижаларга эришилди, дейиш мумкин.
Ўлмас Баротов,
ЎзА.