Гулистон шаҳридаги Сирдарё вилоят мусиқали драма театрида 30 июль – Халқлар дўстлиги куни муносабати билан “Қардошлик мушоираси” мавзусида маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Вилоят ҳокимлиги, Республика Маънавият ва маърифат марказининг ҳудудий бўлими ҳамда Ўзбекистон Нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциациясининг Сирдарё вилояти бўлими ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур тадбир турли миллат ва элатлар ўртасидаги дўстлик ва ўзаро ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши билан аҳамиятли бўлди.

Рус, қирғиз, қозоқ, туркман, тожик, корейс каби миллий маданий марказлар вакиллари иштирок этган мазкур тадбирда 25–31 июль кунлари вилоятнинг барча ҳудудларида ўтказилаётган “Дўстлик” фестивали доирасида амалга оширилаётган ишлар ва уларни юқори савияда ташкил этиш бўйича режалар муҳокама қилинди.

Тадбир доирасида “Қардошлик мушоираси”, китоблар кўргазмаси ташкил этилган бўлса, Гулистон шаҳридаги "Амфитеатр майдонида бўлиб ўтган “Дўстлик оҳанглари” шиори остида ўтказилган гала-концерт дастурлари, шунингдек, тасвирий санъат, миллий таомлар, либослар ва ҳунармандчилик намуналари кўргазмалари орқали халқлар ўртасидаги маданий ҳамкорлик ва умуминсоний қадриятлар тараннум этилди.

– Бугун Сирдарё вилоятида 70 дан зиёд миллат ва элат вакиллари тинч, аҳил ва иноқ ҳаёт кечирмоқда, – дейди вилоят ҳокимлиги Жамоат ва диний ташкилотлар билан алоқалар бўйича котибият мудири Раҳмонқул Нарзиқулов. – Уларнинг аксарияти Иккинчи жаҳон уруши йилларида Ўзбекистонга эвакуация қилинган ёки Мирзачўлни ўзлаштириш жараёнида бу ерга келиб жойлашган инсонлар авлодидир. Улар учун Ўзбекистон ўз она Ватанига айланган.
Тадбир якунида миллатлараро дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга ҳисса қўшган фаол фуқаролар вилоят ҳокимлиги ҳамда ҳамкор ташкилотлар томонидан диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

– Фестиваль доирасида ўтказилаётган тадбирлар келажак сари биргаликда интилиш руҳини юксалтирмоқда, – дейди Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими раҳбари Мурод Ҳайитов.
Тадбирда иштирок этганлар орасида мамлакатимизда кўп йиллардан буён истиқомат қилаётган турли миллат вакиллари ҳам бор. Улардан бири — Рус маданий маркази раҳбари, меҳнат фахрийси Фамина Голубцова ўз хотиралари билан ўртоқлашар экан, шундай деди:
– Урушдан сўнг, Мирзачўлни ўзлаштириш мақсадида Ўзбекистонга келган оила вакилларининг фарзандиман. Болалигим Сирдарёда ўтди. Ўзбек халқи кўрсатган меҳр, бағрикенглик ва эътибор туфайли бу юрт мен учун Ватанга айланди. Бугун Ўзбекистон менинг ягона Ватанимдир деб фахр билан айта оламан.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири