Қардошларимиз Наврўзни қандай нишонламоқда?
-
Озарбайжон
Бугун Озарбайжонда ҳам Наврўз. Озар халқи бу байрамни ўзгача шод-хуррамлик, кўтаринки кайфият билан нишонлайди.
Мустақил Озарбайжон давлати Наврўзнинг қайта тикланишига муҳим ҳисса қўшган. Собиқ иттифоқ даврида бу айёмни нишонлаш қатъий тақиқланган бўлса-да, озарлар Янги кун билан боғлиқ анъаналарни сақлаб қолган.
Наврўзни юксак қадрлаган буюк йўлбошчи Ҳайдар Алиев шундай деган эди:
– Халқимиз асрлар давомида асраб-авайлаб, эъзозлаб келган Наврўз тарихи худди озарбайжон халқи каби мураккаб. Республикамизда ушбу қадимий байрам давлат миқёсида нишонланиши миллий илдизларимиз, урф-одат ва қадриятларимиз, ўтмишимизга чуқур ҳурмат ифодасидир.
Президент Илҳом Алиев ҳам ижтимоий тармоқдаги саҳифасида қутлов ёзган:
– Азиз ватандошлар! Сизларни Наврўз байрами билан чин қалбимдан табриклаб, ҳар бирингизга баҳорий кайфият, соғлик ва муваффақият тилайман.
Қирғизистон
Қирғиз Республикаси пойтахти Бишкек шаҳридаги Турдакун Усубалиев номли Эски майдонда Наврўз кенг тантана қилинмоқда.
Тадбир табиат уйғониши, баҳор кириб келиши, янги ҳаёт бошланишига бағишланган “Кел, куттуу Ноорузум” номли театрлаштирилган муқаддима билан бошланди. Шундан сўнг шаҳар ҳокими Айбек Жунушалиев халққа табрик йўллади ва концертга навбат берди.
Шунингдек, шаҳар аҳолиси ва меҳмонлари учун қирғиз халқининг анъана ва урф-одатларига мос кўнгил очар дастурлар уюштирилган.
Тожикистон

– Халқаро байрам – Наврўз муносабати билан Тожикистон пойтахти Душанбедаги Умар Ҳайём ва Абулқосим Фирдавсий номли маданият ва истироҳат боғларида, шунингдек “Аҳорун” давлат маданият ва аҳоли дам олиш муассасасида ранг-баранг маданий дастурлар бўлиб ўтмоқда, – деб ёзди “Ховар” мухбири. – Айём муносабати билан санъаткорлар иштирокида бадиий томошалар намойиш этилиб, туманлар аҳолиси ҳам ушбу санани алоҳида оммавий байрам сифатида нишонламоқда.

– Аждодларимизнинг халқаро миқёсда тан олинган Наврўзи билан фахрланишимиз, бу қадриятни эъзозлашимиз лозим, – деди жумладан Президент Эмомали Раҳмон халқига йўллаган табригида. – Урф-одат ва маросимларни асраб-авайлаш, қадим халқона байрамларни муносиб нишонлашга ҳар бир ватанпарвар, ҳалол инсон ҳисса қўшиши керак.
Қозоғистон
Наврўз байрами муносабати билан эълон қилинган ўн кунлик доирасида Олмаотада 100 дан ортиқ турли тадбир ўтказилмоқда, дея хабар берган “Казинформ” мухбири.
Бу йил шаҳарнинг Наврўз байрами оммавий тантана, спорт мусобақалари, ярмарка ва бошқа турли тадбирлар кўринишида Кўктўбе боғи, Абай майдони, Панфилов пиёдалар кўчаси, Арбат ва Остона майдони каби бир неча машҳур манзилларда бўлиб ўтмоқда.
Масалан, Арбатда ташкилотчилар барчани этник услубда Миллий либослар кунини қўллаб-қувватлаш ва “Nauryz Fashion Day” иштирокчиси бўлишга чорлади.
Остона майдонида “Олмаота – Наврўз қучоғида” номли асосий концерт ташкил қилинган. Икки кунлик “Жулдузли Алмати” кечки фестивали ҳам шу манзилда ўтади.
21-25 март кунлари Абай майдонида маданий мерос ва замонавий технологияни уйғунлаштирган Наврўз фестивали давом этади.
Олмаота Саёҳат уйида меҳмонлар виртуал тарзда шаҳарнинг диққатга сазовор жойларини томоша қилиши мумкин. Арт-объектлар орасида Абай Қўнанбой ўғли таваллудининг 180 йиллигига бағишланган инсталяция ҳам бор.
Пиёдаларнинг севимли кўчаси – Панфиловдан Кабанбой ботир ва Тўлабий кўчаларигача замонавий технология майдонига айлантирилди. Ташриф буюрувчилар мультимедиа воситаси ёрдамида ўзларини анъанавий кийимда кўриши, рақамли фавворада табрик қолдириши, антик даврга саёҳат уюштириши, камондан отиш мусобақаси ва виртуал жанг орқали Наврўз тарихига шўнғиши мумкин.
Майдон марказидаги кинетик туннелда миллий нақш жонланиб, сизнинг ҳаракатингизни такрорлайди. Гастрономик ҳудудда робот официантлар ва ошпазлар меҳмонларни ҳайратга солади. “Ой-Думан” интеллектуал ўйини эса ёшларнинг Наврўз ҳақидаги билимини синовдан ўтказади. “Космик юрт” номли қайта ишланган материаллардан тайёрланган бадиий инсталяция ва муҳандислар бошқарувидаги робототехника чодири ўзига хос муҳитни янада бойитади.
Сайл доирасида уюштирилган китоб байрамида иштирокчилар машҳур ёзувчи ва шоирлар билан учрашади.
Муҳаррама Пирматова тайёрлади. ЎзА