Қандай ҳолларда дарахтларни кесиш мумкин?
Давлат экология қўмитасининг давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахт ва буталарнинг кесилиши билан боғлиқ бўлган масалалар тўғрисида тақдим этган маълумотларига кўра, давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахт ва буталарнинг қимматбаҳо навлари кесилишига жорий этилган мораторийнинг амал қилиш муддати 2021 йил 31 декабрга қадар узайтириб қўйилган.
Мораторий даврида 5 мингдан ортиқ жисмоний ва юридик шахсларнинг қимматбаҳо навли давлат ўрмон фондига кирмайдиган қарийб 166 минг туп дарахт ва буталарни кесишга рухсат сўраб қилган мурожаатлари рад этилиб, уларнинг кесилиши олди олинган.
Дарахтлар, буталар, бошқа ўсимликлар ва ниҳолларни қонунга хилоф равишда кесиш билан боғлиқ хатти-ҳаракатларнинг олдини олиш мақсадида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 79-моддасидаги жавобгарлик кучайтириб қўйилган бўлишига қарамасдан, айрим худудларда дарахтларнинг ноқонуний кесилиши билан боғлиқ тизимли муаммолар сақланиб қолмоқда.
Сўнгги вақтларда дарахтларнинг ноқонуний кесилиши билан боғлиқ ҳолатлар кенг жамоатчилик ҳамда оммавий ахборот воситаларининг эътирозларини келтириб чиқармоқда. Жумладан, 2021 йил ўтган даври мобайнида электрон оммавий ахборот воситаларида давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар кесилишига доир 41 та материал эълон қилинган.
Хусусан, Тошкент шаҳар Яккасарой тумани, Юнус Ражабий маҳалласидаги кўп қаватли уйлар оралиғида 81 туп дарахтлар ноқонуний кесилганлиги юзасидан ижтимоий тармоқлар орқали маълумот берилган эди. Давлат экология қўмитаси томонидан маълум қилинишича, ушбу ҳолат бўйича ҳужжатлар тўпланиб, прокуратура органларига юборилди.
Депутат Расул Кушербаев ижтимоий тармоқлар орқали ўз саҳифасида хуқуқбузар “BULDING AND SUPLIES” масъулияти чекланган жамияти томонидан етказилган моддий зарар жами 1 891 263 000 сўм маблағ давлат Экология қўмитаси ҳисоб рақамига ўтказилмаганлиги юзасидан пост қолдирган эди. Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, айни дамда ушбу маблағ Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ҳисоб рақамига ўтказиб берилди.
Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, дарахтлар ва буталарни кесиш фақат санитария мақсадида – дарахтлар ва буталар табиий омиллар ёки ўсимликлар зараркунандалари ва касалликлари таъсирида зарарланган, қуриётган ёки қуриб қолган ҳамда фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғи, юридик ва жисмоний шахсларнинг мол-мулки хавфсизлигига таҳдид солаётган, шохлари бетартиб ўсиши натижасида қўшилиб кетган ёки синган, шунингдек авария ҳолатида бўлган ҳолларда Давлат экология қўмитаси органларининг хулосаси асосида амалга оширилади.
Бинолар, иншоотлар ва коммуникацияларни қуриш ва реконструкция қилишга, шунингдек муҳандислик тадқиқот ишларини амалга оширишга тўсқинлик қилганда Давлат экология қўмитаси ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари кесилиши кўрсатилган дарахтлар ва буталарни бошқа жойга кўчириш масаласини кўриб чиқади. Бунинг имкони бўлмаса, ҳокимият томонидан кесиш учун тегишли рухсатнома расмийлаштирилади.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА