Қанча талаба турар-жой билан таъминланади?
Андижонда оммавий ахборот воситалари вакиллари учун олий ўқув юртлари талабаларининг турар-жой билан таъминлаш масалаларига бағишланган пресс-тур ўтказилди.
Андижон вилояти ҳокимлиги, вилоят ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси, Журналистлар уюшмаси вилоят бўлими ҳамда вилоятдаги давлат олий ўқув юртлари ҳамкорлигида ташкил этилган пресс-тур иштирокчилари олий ўқув юртларида мавзу доирасида олиб борилаётган ишлар билан яқиндан танишди.
Кейинги йилларда Андижон вилоятидаги олий ўқув юртлари талабаларини ётоқхона, турар-жой билан таъминлаш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.
[gallery-19156]
Айни пайтда вилоятдаги 7 та давлат олий таълим муассасалари тасарруфида 25 та талабалар ётоқхонаси мавжуд. Мавжуд ётоқхоналарда 12 минг нафардан зиёд талаба истиқомат қилади. Бундан ташқари, кўплаб талабалар олий ўқув юртларига яқин ҳудудлардаги хонадонларда ижара асосида яшаб келмоқда. Уларга олийгоҳлар томонидан ижара пуллари тўлаб берилмоқда.
Вилоятда 2022-2025 йилларда давлат-хусусий шерикчилик дастури асосида бир нечта талабалар ётоқхонаси барпо этиш кўзда тутилган. Ҳозирга қадар юқоридаги дастур асосида барпо этилган ўнга яқин замонавий талабалар ётоқхоналари фойдаланишга топширилди.
Маълумки, мамлакатимизда 2024-2025 ўқув йилидан бошлаб талабалар ётоқхона олиш учун онлайн тарзда ариза билан мурожаат қилиш тартиби жорий этилди. Мазкур жараён жорий йил 1 августдан ўқув йили якунига қадар давом этиши белгиланган. Бундан ташқари, 15 августдан бошлаб олий таълим муассасаларининг асосий бинолари ҳамда талабалар турар жойларининг кириш қисмларида “Талабалар турар жойлари ва ижара хонадонларга жойлаштириш учун ёрдам кўрсатиш марказ”лари – инфокиоскалар ташкил этилди.
Талабаларга ётоқхона ажратилишида уларнинг ижтимоий аҳволи, жисмоний имконияти, эришган ютуқларидан келиб чиқиб, тегишли талабаларга қатор устуворликлар берилади.
Пресс-тур иштирокчилари дастлаб Андижон давлат университетида бўлиб, талабаларни ётоқхона билан таъминлаш борасида олиб борилаётган ишлар билан яқиндан танишди.
– Университетимизда олтита талабалар турар-жойи мавжуд, – дейди Андижон давлат университетининг Ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат бўлими бошлиғи Турсунбой Мўйдинов. – Шундан 3 минг 352 ўринли 5 та ётоқхона университет ҳудудида жойлашган.
Ётоқхоналаримизда талабаларнинг яшаши учун барча шароитлар яратилган. Жумладан, ётоқхоналарда барча қулайликларга эга 10 та ошхона, 27 та ювиниш, 20 та кир ювиш, 20 та дазмоллаш хоналари мавжуд. Бундан ташқари, ҳар бир ётоқхонада дам олиш хоналари, кутубхона, талаба фарзандини кўргани келган ота-оналар учун ҳам алоҳида хоналар ташкил этилган.
Тадбир иштирокчилари “Талабалар турар жойлари ва ижара хонадонларга жойлаштириш учун ёрдам кўрсатиш марказ”и – инфокиоска фаолияти ҳамда давлат-хусусий шерикчилик асосида барпо этилган 568 ўринли 5-талабалар ётоқхонаси, талабаларнинг яшаши учун яратилган шароитларни бевосита кўздан кечирди.
Мутасаддиларнинг маълум қилишича, айни кунга қадар университетга янги қабул қилинган ва юқори курс талабаларидан ётоқхона олиш учун 1 минг 843 та онлайн ариза келиб тушган. Шундан 1 минг 262 нафар талабага ётоқхонага жойлашиш учун йўлланма берилган, уларни жойлаштириш ишлари олиб борилмоқда.
– Бу йил университетнинг математика ва информатика факультетига ўқишга кирдим, – дейди Булоқбоши тумани Соҳибкор маҳалласида яшовчи Моҳинур Мўйдинова. – Ётоқхонага жойлашиш бўйича онлайн ариза топширганман. Университетда ташкил этилган инфокиоскага келиб, мутахассислардан зарур маълумотларни олдим. Насиб этса, ётоқхонага жойлашиш учун йўлланма оламан.
Пресс-тур иштирокчиларининг кейинги манзили Андижон давлат педагогика институти бўлди.
Ташкил этилганига эндигина икки йил бўлган Андижон давлат педагогика институтида янги ўқув йилига тайёргарлик, талабаларни турар-жой билан таъминлаш борасида эътиборга молик ишлар амалга оширилганлигини алоҳида таъкидлаш жоиз.
– Бугунги кунда институтимизда 1 минг 980 нафар талабага мўлжалланган 4 та талабалар турар-жойи мавжуд, – дейди институт ректори, профессор Бахтиёржон Расулов. – Ётоқхоналарнинг учтаси институтга қарашли бўлса, биттаси давлат-хусусий шерикчилик асосида фаолият кўрсатмоқда. Янги ўқув йилига тайёргарлик доирасида ётоқхоналаримиз тўлиқ ёки жорий таъмирланиб, талабаларнинг яшаши учун зарур ҳолатга келтирилди.
Ётоқхоналарга энг аввало, олис ҳудудлардан келиб таҳсил олаётган, жисмоний имконияти чекланган талабаларни жойлаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг тегишли буйруғига асосан институтда ташкил этилган “Талабалар турар жойлари ва ижара хонадонларга жойлаштириш учун ёрдам кўрсатиш марказ”и – инфокиоска “Талабага мадад” шиори остида фаолият олиб бормоқда.
– Бу йил институтнинг Бошланғич таълим йўналиши кечки бўлимига ўқишга кирдим, – дейди Шаҳрихон тумани Дориламон маҳалласида яшовчи Ойгул Бозорова. – Ижара хонадонга жойлашиш бўйича ариза топширганман. Институтда “Талабалар турар жойлари ва ижара хонадонларга жойлаштириш учун ёрдам кўрсатиш маркази”га келиб, зарур маълумотларни олдим. Насиб этса, ижара хонадонга жойлашаман.
Тадбир қатнашчилари институтда давлат хусусий шерикчилиги асосида бунёд этилган 550 ўринли барча қулайликларга эга, замонавий “Талабалар уйи”да яратилган шарт-шароитлар билан танишди.
Ҳозирга қадар billing.edu.uz платформаси орқали ётоқхонага ҳамда ижара хонадонларга жойлашиш бўйича институтнинг 2 минг 200 нафардан ортиқ талабасидан ариза келиб тушган. Улар билан шартномалар тузилиб, ётоқхоналарга жойлаштириш ишлари олиб борилмоқда.
Шундан сўнг тадбир иштирокчилари Андижон давлат тиббиёт институтида бўлди.
Андижон давлат тиббиёт институтида айни кунда 1 минг 554 ўринли 4 та талабалар ётоқхонаси мавжуд. Шундан биттаси давлат хусусий шерикчилиги асосида бунёд этилган. Жорий йил охирига қадар яна битта 400 ўринли давлат хусусий шерикчилик асосидаги талабалар турар-жойи барпо этилиб, фойдаланишга топширилиши белгиланган.
Институтда 5 августдан “Талабалар турар жойлари ва ижара хонадонлари бўйича маълумотлар маркази” фаолият олиб бормоқда. Ҳозирга қадар онлайн ариза асосида мурожаат қилган 768 нафар талаба билан шартнома тузилиб, уларга ётоқхоналардан жой ажратилди. Уларнинг 41 нафари чин етимлар, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган ҳамда жисмоний имконияти чекланган талабалардир.
Шунингдек, 149 та ижара хонадонларнинг рўйхати шакллантирилиб, уларга 1 минг 43 нафар талаба жойлаштирилди.
Пресс-тур қатнашчилари Андижон машинасозлик институтида бўлиб, мавжуд талабалар турар жойлари, уларда яшовчилар учун яратилган шарт-шароитлар билан ҳам танишди.
Айни пайтда 4 минг нафардан зиёд талаба таҳсил олаётган Андижон машинасозлик институтида 3 та талабалар турар жойи мавжуд бўлиб, шундан 2 таси институтга қарашли, биттаси давлат-хусусий шерикчилиги асосида фаолият кўрсатмоқда.
2024/2025-ўқув йилида жами 1 минг 170 нафар талаба учун жой ажратилган, уларга жойлашиш учун аризалар тегишли тартибда қабул қилинмоқда. Шу кунга қадар 700 дан ортиқ талабага турар- жой учун йўлланмалар берилган. Бундан ташқари, Андижон шаҳрининг турли ҳудудларида жойлашган 40 та ижара хонадони 380 нафар талаба ёшни қабул қилишга тайёр ҳолатда.
Талабаларни ижара хонадонларига жойлаштириш бўйича институт Рақамли таълим технологиялари маркази ходимлари томонидан Ягона электрон тизими ишлаб чиқилган. Платформада ижара хонадон ва хостелларга жойлашиш учун таклифлар берилган.
Бугунги кунда институт ҳудудида давлат-хусусий шерикчилик асосида яна 600 ўринли талабалар турар-жойи ҳамда ўқув биноси барпо этилмоқда.
Ўн қаватдан иборат бўладиган мазкур бинонинг биринчи, иккинчи ва учинчи қаватлари ўқув биноси сифатида фойдаланишга мўлжалланаётган бўлса, қолган олти қавати талабалар турар жойидан иборат бўлиши кўзда тутилган.
Пресс-тур иштирокчиларининг навбатдаги манзили Андижон давлат чет тиллар институти бўлди.
Андижон давлат чет тиллари институтида 1 минг 120 ўринли 2 та талабалар турар жойи мавжуд. Ҳар иккала ётоқхонанинг 1- қаватидан ногирон талабалар учун жойлар ажратилган.
Талабалар турар жойида талабаларнинг яшаши учун зарур барча шароитлар яратилган. Турли маиший жиҳозлар билан таъминланган. Биноларнинг ҳар қаватида ошхона, дам олиш, ювиниш, кир ювиш хоналари, кутубхона мавжуд.
Айни пайтда институтга янги қабул қилинган 1-, 2- ва юқори курс талабаларидан 643 та онлайн ариза келиб тушган. Белгиланган устуворлик бўйича 100 нафарга яқин талабага турар-жой олиш учун йўлланма берилган. Қолган талабаларнинг аризалари ҳам белгиланган тартибда кўриб чиқилмоқда.
Пресс-тур қатнашчилари Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институтида ҳам мазкур йўналишда олиб борилаётган ишлар билан танишди. Жумладан, институтдаги мавжуд талабалар турар жойида 2 минг нафарга яқин талаба яшамоқда. Бундан ташқари, талабаларни ижара хонадонларга жойлаштириш бўйича ҳам ишлар олиб бориляпти.
Пресс-тур давомида оммавий ахборот воситалари вакиллари талабалар турар жойлари, талабаларни ётоқхоналарга жойлаштириш масалалари бўйича ўзларини қизиқтирган барча саволларга олий ўқув юртларининг мутасадди ва масъуллардан батафсил жавоб олди.
Фахриддин Убайдуллаев,
Зуҳриддин Умрзоқов (сурат),
ЎзА мухбирлари.