“Қамчиқавтойўл” ихтисослашган йўллардан фойдаланиш корхонаси” унитар корхонаси директори Эркин Камолов маълумотларига кўра, Чотқол тоғини кесиб ўтувчи “Қамчиқ” довонида 1947 йилда қурилиш ишлари бошланган бўлиб, 1959 йилда фойдаланишга топширилган.
Ушбу автомобиль йўли орқали транспорт воситаларининг бехатар-бетўхтов харакатланишини таъминлаш мақсадида йиллар давомида автомобиль йўли такомиллаштириб борилган. Автомобиль йўлининг 193-267 км. қисмида реконструкция ишлари амалга оширилган. Цемент-бетон қопламалар қурилган.
Довоннинг иккита автомобил туннели ва битта темирйўл туннели бор. Довондаги туннел қурилиш мураккаблиги нуқтаи-назаридан дунёда 8, узунлиги бўйича эса 25-ўринни эгаллаган. Туннел узунлиги 19,2 кмни ташкил этиб, 2013 йилда бошланган қурилиш 2016 йилда якунига етказилган.
“Қамчиқавтойўл” ихтисослашган йўллардан фойдаланиш корхонаси тасарруфида жами 300,3 км. умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари мавжуд бўлиб, шундан халқаро ахамиятдаги автомобиль йўллари узунлиги 129 км, давлат аҳамиятидаги автомобиль йўллари узунлиги 81,3 км, маҳаллий аҳамиятдаги автомобиль йўллари узунлиги 90 кмни ташкил этади. Халқаро аҳамиятдаги автомобиль йўлининг 185-285 км.оралиғи “Қамчиқ” довони худудидан ўтган.
“Қамчиқ” довонида транспорт воситаларининг хавфсиз ҳаракатланиши – асосий вазифа. Довонда содир этилаётган йўл транспорт ҳодисаларининг асосий сабаби ҳайдовчилар томонидан ҳушёрликни йўқотиб, йўл қоидаларига риоя қилмаслигидир.
“Гулистон – Бўка – Ангрен – Қўқон ва Андижон орқали Ўш” автомобиль йўлининг “Қамчиқ” довонидан ўтувчи қисмида йўл қопламаси соз ҳолга келтирилган, транспортнинг хавфсиз ҳаракатланишини таъминлаш учун нур қайтарувчи йўл белгилари билан тўлиқ жиҳозланган ҳамда автомобиль йўлида ҳаракат хавфсизлиги таъминланган.
Йўлларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш, йўл ишларини сифатли ва тез фурсатларда бажариш мақсадида 2020-2023 давомида корхонага 25 дона махсус техникалар ажратилган.
Довон йўлидан оғир вазнли юкларни ташувчи транспорт воситалари ҳам бемалол фойдаланиши мумкин. Аммо ўтган даврда мазкур манзил орқали қанча автотранспорт воситаси ўтиши, қанча юк олиб ўтиши ҳақида маълумотлар мавжуд бўлмаган, мониторинги олиб борилмаган. Натижа йўлларда бузилишлар юзага келган.
Бугунги кунда “Гулистон – Бўка – Ангрен – Қўқон ва Андижон орқали Ўш” автомобиль йўлининг “Қамчиқ” довони қисмида юк машиналари иштирокида содир бўлиши мумкин бўлган йўл транспорт ҳодисаларининг олдини олиш мақсадида йўлнинг 193 км ва 273 км қисмида автомобилларнинг оғирлигини текшириш мосламалари билан таъминланган назорат пунктлари қуриб битказилган. 2020 йил 11 июлдан тўлиқ ишга тушган. Фақат, масъул ташкилотлар ҳайдовчиларни огоҳлантириб, улардан оғир вазнли юкларни автомобиль транспортида ташишда юк оғирлиги меъёрини сақлаган ҳолда ҳаракат қилишларини сўраб қолади.
Мониторинг натижаларига кўра, бир кунда довондан 3 ярим мингдан кўп оғир юкли автотранспорт воситалари ўтиши кузатилган.
Шунингдек, А-373 “Тошкент-Ўш” автомобиль йўлининг 190,3 км, 197,2-197,6 км, 230 километрларидаги табиий офат оқибатларини бартараф этиш объектларида таъмирлаш ишлари ҳамда инвестиция дастурларига асосан 200-213 км. қисмидаги 13 км автомобиль йўлида реконструкция ишлари якунига етказилган.
Қиш мавсумида “Қамчиқ” довонида ёғингарчиликлар, асосан қор кўп ёғишини инобатга олиб автомобиль йўлида автомобилларнинг бехатар, бетўхтов ҳаракатланиши мақсадида тоғ ёнбағрларига қор кўчкисининг олдини олувчи тўсиқлар ўрнатилган.
Республиканинг стратегик аҳамиятга эга саналган довон йўлида 2 минг 705 дона нур қайтарувчи йўл белгилари ва 450 дона йўл ўқига ва йўл четига ажратувчи биринчи гуруҳ тўсиқлари ўрнатилган. 729 км ётиқ нур қайтарувчи йўл чизиқлари чизилган. Йўл ёқасидаги хандақлар (кювет) 78 минг м3 тоғ жинсларидан тозаланган. Йўлнинг хавфли участкаларига 70 дона қўшимча йўл белгилари ва ҳайдовчиларни фавқулодда вазиятлар хавфидан огоҳлантирувчи 25 дона стенд ва баннерлар ўрнатилган.
Ҳозирги кунда йўлларда автомобилларнинг хавф-хатарсиз ҳаракатланиши мақсадида корхона таркибида 10 та йўл бўлими фаолият кўрсатиб келмоқда. Ушбу йўл бўлимларининг ҳар бирида иссиқхоналар ташкил этилган бўлиб, бу иссиқхоналарда цитрус мевалар, сабзавот экинлари етиштирилади, аҳоли дастурхонига тортиқ қилиб борилмоқда.
“Қамчиқ” довонида “Яшил макон” умуммиллий дастури доирасида жами 15 минг 407 дона манзарали кўчат экилган.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА