
Маълумки, Буюк ипак йўлининг асосий қисми ҳисобланган Қамчиқ довони орқали ўтадиган А – 373 “М-39 Гулистон – Бўка – Ангрен – Қўқон – Андижон – Ўш” халқаро автомобиль йўли юртимизни қўшни мамлакатлар билан боғлабгина қолмай, муҳим сиёсий-иқтисодий аҳамиятга ҳам эга.
Қамчиқ довонининг автомобиль йўли денгиз сатҳидан 2 минг 50 метр баландда жойлашган бўлиб, Марказий Осиё давлатларидаги энг узун йўллардан бири ҳисобланади. Бу йўлдан аҳоли зич яшайдиган Фарғона водийсининг учта вилоятидан ташқари, хориждан келган йўловчи-сайёҳларнинг ҳам қадами узилмайди. Айниқса, бу йўл қўшни Тожикистон ва Қирғизистон давлатлари фуқаролари, хитойлик меҳмонлар учун ҳам энг қулай ҳисобланади. Мазкур йўлнинг қишин-ёзин серқатновлиги ҳам шундан.
Ушбу автомагистрал йўналиши бўйлаб қатнаётган ҳайдовчи ва йўловчиларнинг хавфсизлигини таъминлаш ҳамда йўл-транспорт қатновини янада яхшилаш чора-тадбирларини кўриш, шу билан бирга, табиий ва техноген хусусиятли фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш, унинг зарарли оқибатларини зудлик билан бартараф этиш ишлари асосан "Қамчиқавтойўл" ихтисослаштирилган йўллардан фойдаланиш унитар корхонасига юклатилган.
Бу борада Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг 2020 йил 10 ноябрдаги “А-373 “М39 автойўли – Гулистон – Бўка 0 Ангрен – Қўқон – Андижон орқали – Ўш” (“Тошкент – Ўш”) автомобиль йўли ва “Ангрен – Поп” электрлаштирилган темир йўлининг “Қамчиқ” довонидан ўтган қисмида 2020-2021 йиллар куз-қиш мавсумида транспорт воситалари ва аҳолининг узлуксиз ҳамда хавф-хатарсиз ҳаракатланишини таъминлаш тўғрисида”ги сайёр йиғилиши баёни ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда. Корхона томонидан баённомада белгиланган топшириқлар ижроси ўз вақтида бажариляпти.

Албатта, ҳаракат хавфсизлиги ва қутқарув ишларини ҳамкорликсиз амалга ошириш қийин. Корхона томонидан амалга оширилаётган бу ишларда Фавқулодда вазиятлар, Ички ишлар ва Соғлиқни сақлаш вазирликлари, “Ўзгидромет” бошқармаси, Хавфли геологик жараёнларни кузатиш давлат хизмати ва бошқа идоралар ходимларининг ҳам ёрдамлари беқиёс.
Аслида қиш мавсуми бошланиши билан Қамчиқ довонига қалин қор ёғиб, йўлларнинг музлаши, ён-атрофнинг қуюқ туман билан қопланиши, қор кўчкилари рўй бериши ва бошқа табиий офатлар эҳтимолдан холи эмас. Ана шундай нохуш ҳолатларнинг олдини олиш, фавқулодда вазиятларда ёрдам беришни янада яхшилаш, қутқарув хизмати самарадорлигини ошириш мақсадида "Қамчиқавтойўл" ихтисослаштирилган йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси жамоаси кечаю-кундуз тинмай меҳнат қилаяпти. Хусусан, қор ёққандан сўнг йўллар музлаб, яхмалак бўлади. Бундай пайтда магистрални хавфсиз ҳолатга келтириш учун аввало, йўлларга қум ва туз аралашмаси сепилади. Музлаб қолган қор мазкур аралашма таъсирида эриб, юмшайди. Шундан сўнг, махсус техникалар ёрдамида йўллар қордан тозаланади. Шунинг учун қиш мавсумига катта миқдорда қум ва туз аралашмаси ғамлаб қўйилади.
Яқинда “Қамчиқавтойўл” ихтисослаштирилган йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси томонидан сирпанчиққа қарши ишлатишга олиб келтирилган техник туз заҳираларини яратиш учун яна қўшимча бинолар қурилди. Хусусан, А-373 автомобиль йўлининг “М39 Гулистон – Бўка – Ангрен – Қўқон – Андижон орқали – Ўш” автомобиль йўлининг 228-233 километр оралиғида қўшимча яна уч хонадан иборат 2 дона сирпанчиққа қарши ишлатиш учун техник туз сақлаш омбори қуриб фойдаланишга топширилди. Эндиликда ушбу омборларда сирпанчиққа қарши ишлатиладиган 900 куб метрга яқин техник тузни сақлаш имконияти яратилган.
Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда довон бўйлаб ташкил этилган назорат постларида ИИБ ЙҲХ хизмати, Соғлиқни сақлаш тизими ва йўлсозлар томонидан кечаю кундуз навбатчилик ташкил этилган. Хавф рўй бермай туриб, унинг олдини олган афзал, деганларидек, 2020-2021 йиллар куз-қиш мавсумида А-373 “Тошкент – Ўш” автомобиль йўли ҳамда “Ангрен – Поп” электрлаштирилган темир йўлида транспорт воситалари ва аҳолининг узлуксиз ҳамда хавф-хатарсиз ҳаракатланишини таъминлаш мақсадида ҳамкорликда бир қанча тадбирлар амалга ошириб келинмоқда.
А. Мусаев, ЎзА