Қалбларга фахр ва келажакка ишонч руҳи
Баъзан Юртимизда амалга оширилаётган ўзгаришларни кўриб, инсон қалбини фахр ва ҳаяжон туйғуси қамраб олади. Айниқса, ўзимиз яшаётган воҳада янги бунёдкорлик ишлари амалга оширилаётгани, олис ҳудудлар обод бўлиб, одамлар ҳаётида ижобий ўзгаришлар юз бераётганини кўриш кишига ўзгача руҳ бағишлайди.
Президентимизнинг Қашқадарё вилоятига ташрифи ҳам биз учун ана шундай қувончли дамлардан бири бўлди. Чунки юртимизнинг ҳар бир ҳудудига эътибор қаратилиши, чекка қишлоқ ва маҳаллаларда яшаётган инсонлар учун муносиб шароитлар яратилиши, йўллар, таълим масканлари ва ижтимоий объектларнинг обод этилиши халқ фаровонлиги йўлидаги муҳим қадамлардир.
Айниқса, ёшларнинг замонавий билим олиши, сифатли таълимга эга бўлиши, ўз истеъдоди ва салоҳиятини намоён этиши учун яратилаётган имкониятларни кўриб, келажакка бўлган ишонч янада ортади. Зеро, бугун билим олиш учун шароит яратилаётган ҳар бир ёш — эртанги кун тараққиётига қўшиладиган улкан ҳиссадир.
Таълим соҳаси вакили сифатида мен учун бу имкониятлар алоҳида аҳамиятга эга. Чунки ҳар бир обод мактаб, замонавий таълим маскани, билим олишга интилаётган ёш ва унинг келажакка ишонч билан боқиши ортида катта маъно бор. Юрт равнақи фақат янги бинолар билан эмас, балки ана шу масканларда вояга етаётган билимли, мустақил фикрлайдиган ва Ватан тақдирига дахлдор авлод билан белгиланади.
Энг қувонарлиси, бундай ўзгаришлар фақат марказларда эмас, балки чекка ҳудудларда ҳам сезилиши, ҳар бир инсон ўз ҳаётида янгиланишларни ҳис этиши муҳимдир. Чунки тараққиётнинг ҳақиқий қадри одамларнинг юзидаги табассумда, ёшларнинг орзуларида ва эртанги кунга бўлган ишончида намоён бўлади.
Бугун Қашқадарёда бўлаётган ўзгаришларга қараб, қалбимизда фахр туйғуси уйғонади, шу билан бирга, ҳар биримиз зиммамиздаги масъулиятни ҳам чуқурроқ ҳис этамиз. Юртимиз учун яратилаётган имкониятлардан самарали фойдаланиш, ёшларимизга пухта билим бериш ва Ватанимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшиш — барчамизнинг вазифамиз.
Чарос Ҳамроева,
Шаҳрисабз давлат педагогика институти доценти в.б.,
филология фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)