Қалб ардоғидаги шоир ҳақида янги китоб
Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидовнинг умр йўлдоши, ажойиб инсон Гулчеҳра опа Воҳидова ғоят маърифатли, камтарин, заҳматкаш, миллатимиз ойдини, деб аташга ҳар жиҳатдан муносиб ижодкор эди. Тошкент давлат шарқшунослик институтида Гулчеҳра Воҳидова қаламига мансуб “Қалбим ардоғи” номли китобнинг тақдимоти бўлиб ўтди.
Мазкур тадбирга адабиётшунос олимлар, ёзувчи ва шоирлар, сўз санъати мухлислари, талаба-ёшлар таклиф этилди.

Устоз ижодкор Эркин Воҳидов миллий адабиётимиз, айниқса, шеъриятимизни юксакларга олиб чиққан, унинг довруғини дунёларга таратган ижодкор эди. Айни пайтда Эркин аканинг ўз Ватанига, халқига, миллатига, миллий истиқлол ғояларига садоқат билан хизмат қилгани, она тилимизнинг мавқеи ва мақомини юксалтириш борасидаги жонбозликлари, кўплаб ёш қаламкашларга меҳр кўрсатиш бўйича эзгу саъй-ҳаракатлари ибратга лойиқдир.

Устоз ижодкорнинг самарали, баракали, фидокорона фаолияти албатта, унинг умр йўлдоши, маърифатпарвар инсон Гулчеҳра опа Воҳидованинг заҳматлари, меҳрибонликлари, ижодкорга елкадошликлари билан бевосита боғлиқдир. Ўз даврида ТошДУ – ҳозирги Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетини тамомлаган Гулчеҳра Воҳидовада яхши ёзувчи, зийрак публицист, беназир шоиралик, журналистлик салоҳияти ҳам мавжуд эди.

Гулчеҳра Воҳидова ижодига мансуб “Қалбим ардоғи” номли китоб халқимизнинг суюкли шоири Эркин Воҳидов шахсияти, унинг синовларга тўла ҳаёт йўли, серқирра фаолиятига янада яқинроқ назар ташлаш имконини бериши билан аҳамиятлидир.

Айтиш керакки, Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан кейинги саккиз йил давомида миллий адабиётимиз ривожига улкан ҳисса қўшган ижодкорлар, айниқса, Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Эркин Воҳидов хотирасига алоҳида ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш, устознинг адабий меросини ўрганиш ва ёшлар орасида кенг тарғиб этиш масаласида мисли кўрилмаган ташаббуслар илгари сурилди. Эркин Воҳидов номли ижод мактаби бунёд этилди. Шоирнинг ҳайкали пойтахтимиздаги Миллий боғда қад ростлади. Унинг асарлари муттасил нашр этилмоқда. Устознинг ижодига бағишланган адабий анжуманлар, халқаро адабий фестиваллар, шеърхонлик байрамлари анъанавий тарзда ташкил этилмоқда.

Адабий тадбирда ижодкор ҳаёти ва фаолиятига бағишланган видеоролик намойиш этилди. Миллий мумтоз қўшиқлар янгради. “Мангу битик” номли адабий тўгарак вакилларининг адабий-бадиий дастури анжуманга ўзгача руҳ бағишлади.
Назокат Усмонова,
ЎзА мухбири