Қаҳрамонмарашда яна зилзила рўй берди
Туркиянинг жануби-шарқида Қаҳрамонмараш вилоятида 3,5 магнитудали ер силкиниши қайд этилди, деб хабар тарқатди маҳаллий табиий офат оқибатларини бартараф қилиш бошқармаси ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида.
Бошқарма тарқатган хабарга кўра, ерости силкиниши Гёксун туманида маҳаллий вақт билан соат 16:37 да рўй берган.
Зилзила ўчоғи 11,46 километр чуқурликда қайд этилган.
Қаҳрамонмарашда шу йилнинг февраль ойида тўққиз соатлик оралиқда 7,7 ва 7,6 магнитудали зилзила юз берган эди. Зилзила зарбаси мамлакатнинг 11 та вилоятида акс-садо берди ва ҳатто Сурияда ҳам вайронагарчиликлар кузатилди. Сўнгги маълумотларга кўра, ушбу табиий офат натижасида Туркияда 55 минг киши қурбон бўлган.