
ФОТОРЕПОРТАЖ
Фарғона вилояти Тошлоқ туманидаги Шодлик маҳалласида Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Одилжон ота Зокиров яшайди. Отахон хонадони доимо меҳмонлар билан гавжум.
Шарқий ҳарбий округ қўшинлари Фарғона гарнизонидаги ҳарбий қисм, Ёшлар иттифоқи Фарғона вилоят кенгаши ҳамда туман маданият бўлими ташаббуси билан бир гуруҳ ҳарбий хизматчилар, Эркин Воҳидов номидаги ижод мактаби ўқувчилари ва “Ватан таянчи” отряди аъзолари 102 ёшни қарши олган отахон хонадонига ташриф буюрди.
Одилжон ота Зокиров суронли йилларда жанг майдонларида разведкачи бўлиб хизмат қилган. 1944 йил 30 май куни оғир яраланган. Урушдан сўнг юртимиз равнақи йўлида меҳнат қилиб, 9 нафар фарзандни вояга етказди. Ҳозирги кунда невара, чевараю эваралар қуршовида умргузаронлик қилмоқда.
Отахон самимий мулоқот давомида уруш йилларини эслар экан, ўша оғир кунларнинг машаққатларини юракдан ҳис қилаётгандек бўлди. У кечмиш хотираларини кўз олдига келтириб, қанча қийинчилик ва йўқотишларга гувоҳ бўлганини сўзлаб берди. Урушнинг оғир зарбалари миллионлаб оилаларга қайғу келтирганини ёдга олди.
[gallery-22333]
Одилжон отани йўқлаб келган ёшлар ҳарбий хизматчилар биргаликда қўшиқлар куйлаб, табаррук хонадон ҳовлисида кўчатлар экишди.
Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА