Қаҳрамонлар ҳеч қачон унутилмайди
14 январь – Ватан ҳимоячилари куни
Мустақиллик йилларида эл-юрт тинчлиги, халқимизнинг эркин ва фаровон ҳаётини таъминлаш йўлида жонини қурбон қилган жасур ўғлонларимиз кўпчиликни ташкил қилади. Уларнинг қисқа, лекин ибратли умри, ўсиб келаётган ёш авлод учун доим ибрат ва намуна тимсоли бўлиб хизмат қилмоқда.
Сирдарёнинг Янгиер шаҳрида 1977 йил 15 сентябрда таваллуд топган катта лейтенант Алишер Салимов ҳам Ватанимиз осойишталиги йўлида жонини фидо қилган мард ўғлонлардан. Ватанни севмоқ, унга фидоийлик билан хизмат қилиш Алишерга бобомерос. Алишернинг онаси Тожихон опанинг марҳум отаси Тожиқўзи Болтабоев Иккинчи жаҳон урушида фаол иштирок этиб, Берлингача борган. Қизил Юлдуз, I ва II даражали Улуғ Ватан уруши каби орден ва медаллар соҳиби.
–Отам уйимизга келганларида Алишер бобосининг ёнига ўтириб, ундан уруш ҳақида, Олтин Юлдузни қайси хизматлари учун олганлигини сўрарди. Отам билан бўлиб ўтган суҳбатлардан сўнг, мен ҳам бобомга ўхшаган “герой” бўламан дерди, – деб эслайди Тожихон опа.
Алишер Салимов 1995 йили ўрта мактабни тамомлагач, ҳеч иккиланмасдан Самарқанд олий ҳарбий автомобиль қўмондонлик-муҳандислик билим юртига ўқишга киради. Ўқишни тугатиб хизмат фаолиятини 1999 йил Фарғона вилоятида Мудофаа вазирлигига қарашли ҳарбий қисмдан бошлади.
2000 йилнинг июль-август ойларида Ватанимиз мустақиллигини кўролмас ёвуз террорчи тўдалар давлатимиз чегараларини бузиб ўтиб, Сурхондарё вилоятининг Сариосиё ва Узун туманларидаги ўтиш қийин бўлган тоғли ҳудудларга бостириб келди. Узун тумани ҳудудидаги тоғлар орасига пухта яширинган террорчилар тўдасини аниқлаб уларни йўқ қилиш, 8 гуруҳдан ташкил топган ҳарбийларимиз зиммасига юкланди.
Гуруҳларнинг бирига катта лейтенант Алишер Салимов командир этиб тайинланди. Бўлиб ўтган кескин жангларда ҳарбийларимиз мардлик ва матонат кўрсатиб террорчи тўдаларни ер тишлатди. Афсуски, бу қонли тўқнашувларда Ватанимизнинг бир қанча довюрак ва асл йигитлари, жумладан, Алишер Салимов ҳам қаҳрамонларча ҳалок бўлди.
Катта лейтенант Алишер Салимов Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2000 йил 25 августдаги Фармонига биноан вафотидан кейин II даражали “Шон-шараф” ордени билан мукофотланди.
–Ўша машъум кунларга 24 йил бўлса-да, ўғлим ҳозир дарвозадан кириб келадигандек бўлади, – дейди онаизор. – Гоҳида йигирма уч ёшида чимилдиқ кўрмай ҳалок бўлган боламни соғинган пайтларим яқинларим, маҳалладошларим, сиз қаҳрамон фарзанднинг онасисиз деб тасалли беришади. Янгиер шаҳар ҳокимияти вакиллари, шаҳар мудофаа ишлари бўлими ҳарбийлари, ўғлимнинг сафдошлари, синфдошлари ҳолимдан тез-тез хабар олиб туришади. Биз Алишерни ҳеч қачон унутмаймиз, дейди улар.
Ҳа, онахон ҳақ гапни айтди. Халқимиз Ватан учун жонини фидо қилган ўз қаҳрамонларини ҳеч қачон унутмайди.
Шуҳрат Суяров, ЎзА мухбири.