Қаерда ишламанг фаолиятингизни қонунийлаштиринг
Бандликни таъминлаш бугунги кунда энг долзарб масалалардан биридир. Тадбиркорлик субъектларида фаолият юритаётган ишчи-ходимларнинг меҳнат муносабатлари қонуний бўлиши эса ўта муҳим. Вилоят давлат солиқ бошқармаси масъул ходимлари Қарши шаҳридаги тадбиркорлик субъектларида ишчи-ходимларни қонуний фаолият юритиши юзасидан тушунтириш ишларини олиб боришмоқда.
– Тушунтириш ва тарғибот ишлари натижасида, биргина жорий йилнинг ўтган февраль ойи мобайнида Қашқадарё вилоятида 1 минг 168 нафар ишчи-ходимнинг фаолияти қонунийлаштирилди, – дейди бошқарма бўлим бошлиғи Шодиёр Авазов. – Ишчи-ходимларнинг расмий фаолият юритиши, уларни меҳнат муносабатларини қонунийлаштирилиши ишчининг иш стажига эга бўлишига, унинг иш жараёнида ижтимоий ҳимояси таъминланишига замин яратади.


Солиқ ислоҳотлари натижасида жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартиби соддалаштирилди. Бугунги кунда мамлакатимизда даромад солиғининг ставкаси 12 фоиз миқдорда сақлаб қолинди.
Хусусан, Қарши шаҳрида фаолият юритаётган “Транс сервис инновация” масъулияти чекланган жамияти қурилиш монтаж ишлари билан шуғулланади. Бугунги кунда 48 нафар ишчи ходим қурилиш ишларида қонуний фаолият юритмоқда.


Масалан, корхонада ишлаётган ходимнинг ойлик маоши 2 миллион сўмни ташкил этса, ундан 12 фоиз даромад солиғи олинади. Бу сумма 240 минг сўмни ташкил этади. Ходимнинг “қўлига” тегадиган сўм миқдори 1 миллион 760 мингни ташкил этади.
Хулоса ўрнида ҳар бир фуқаро қаерда ишламасин фаолиятини қонуний расмийлаштиришга ҳаракат қилиши лозим. Бу эса келажакда уларнинг пенсияга чиқиш вақтида вужудга келиши мумкин бўлган муаммоларни олдини олишга хизмат қилади.
Ў.БАРОТОВ, ЎзА