“Қадриятларинг боқий бўлсин, Наврўз!”
Жорий йилнинг 16 март куни Олмалиқ шаҳрида Наврўз байрами “Қадриятларинг боқий бўлсин, Наврўз!” шиори остида кенг нишонланди. Бу йилги Наврўз байрамига Олмалиқ шаҳар ҳокимлиги ва Олмалиқ кон-металлургия комбинати томонидан қизғин тайёргарлик кўрилди.
Наврўзи олам қадимий ва теран фалсафага эга байрам эканлиги бетакрор қадриятларимизда ўз аксини кўрсатади. Дўст-у биродарлари ва меҳрга муҳтож инсонларга байрам қувончини улашиш, туҳфалар билан сийлаб Наврўз неъматларини бирга баҳам кўриш юртимизда тинчлик, фаровонлик , яхшилик ва эзгуликнинг ҳукм сураётганини намоён этади. Дастурхон атрофида жамул жам бўлган чеҳраларда ҳам баҳор соғинчи билан бу осуда ҳаётнинг ҳар бир кунига шукроналик ҳисси мужассамлиги Наврўзнинг меҳр оқибат, бирдамлик айёми эканлигини исботлайди.
[gallery-22357]
“Металлург” маданият саройи ва “Ёшлар боғи” атрофида комбинат таркибий бўлинмалари томонидан тайёрланган миллий ва қардош халқларнинг қадриятлари ва урф-одатларини акс эттирган кўргазмалар олмалиқликларга байрамона кайфият бахш этди. Рус, корейс, кавказ, турк, араб, қирғиз, қозоқ ва бошқа миллатларнинг урф-одатлари ва аъналарини, миллий таомлар-у, саънатини ифода этган саҳна кўринишлари Нарврўз миллатларо дўстликни тараннум этувчи айём эканлигини намойиш этди.
Шаҳар таълим муассасалари ўқувчилари томонидан тайёрланган қўл меҳнати кўргазмалари, кураш, арқон тортиш, таэквон-до, дартс, шашка, шахмат, стол тенниси, бокс, баҳодирлар ўйини каби спорт турлари бўйича мусобақалар шиддатли баҳсларга бой бўлди. Айниқса, қараб теп(ланка), оқ теракми кўк терак, эшак минди каби миллий спорт ўйинлари ёш-у қарини бирлаштирди.
Болажон боғида кичкинтойлар учун ўтказилган турли ўйинлар ҳамда “Варрак учириш” баҳслари болажонларга бир олам завқ улашди.
Сайил якунида Наврўз байрамида фаол иштирок этиб, барчага хушкайфият бахш этган корхона ва ташкилотлар ОКМК томонидан қимматбаҳо совғалар билан рағбатлантирилди.
ОКМК Ахборот хизмати