Қадимий маданиятлар бирдамлиги йўлида
Ҳозирги кунда Ўзбекистон ва Миср муносабатлари янада ривожланиб, анъанавий дўстлик ва ўзаро ишонч руҳидаги алоқалар кўлами кенгайиб бормоқда. Муносабатлар узоқ тарихга эга. Миср — араб давлатлари орасида биринчилардан бўлиб, яъни 1992 йилнинг 26 декабрида мамлакатимиз мустақиллигини тан олган юрт сифатида тарихга кирган. Ўзбекистон Миср давлати билан халқаро майдонда илк дипломатик алоқаларни йўлга қўйган даврдан бошлаб, то ҳозирга вақтга қадар ишончли ҳамкор эканлигини намоён этмоқда.
Давлатимиз раҳбари Миср Президенти Абдулфаттоҳ Ас-Сисининг таклифига биноан жорий йилнинг 20-21 февраль кунлари ушбу мамалакатда расмий ташриф билан бўлди. Мазкур ташриф ўзаро манфаатли муносабатларни янги босқичга олиб чиқди, дейиш мумкин.
Маълумки, Араб мамлакатлари, хусусан, Миср Араб Республикаси билан кўп томонлама ва ўзаро манфаатли муносабатларни ривожлантириш Ўзбекистон ташқи сиёсатининг устувор йўналишларидан бири эканини алоҳида қайд этиш лозим. Мазкур муҳим ташриф доирасида ушбу давлатнинг араб, умуман, мусулмон оламидаги, шунингдек, Африка қитъасидаги мамлакатлар орасида Ўзбекистон учун алоҳида аҳамиятга эгалигини қайд этиш ўринлидир.
Сабаби, Миср ва Ўзбекистон муносабатларининг бугунги ҳолати ва ривожланиш истиқболларини таҳлил қилсак, ўзаро алоқалар барқарор равишда, дўстона руҳда кўплаб соҳаларда кенгайиб бораётганига гувоҳ бўламиз. Хозирги кунда икки мамалакат ўртасида сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва маданий-маънавий, сайёҳлик жумладан, зиёрат туризми соҳаларида ҳамкорликни ривожлантириш муҳимлигини ҳам таъкидлаш мумкин.
Мисрнинг туризм соҳасидаги катта салоҳияти Ўзбекистон учун улкан имкониятларни яратади. Биламизки, ушбу мамлакатнинг афсоналарга бой тарихи, архитектурасини томоша қилиш илинжида ҳар йили ўн-йигирма миллион атрофидаги сайёҳ ташриф буюради. Бунинг ортидан эса мамлакатнинг туризм салоҳияти жадаллашиб, ушбу соҳа ортидан мамлакат иқдисодиёти фойда кўради.
Таъкидлаш жоиз, Ўзбекистон билан Миср ўртасида олий таълим соҳасида, хусусан, араб тили ва араб адабиёти, исломшунослик, манбашунослик, Араб Шарқи мамлакатлари иқтисодиёти, фармакология, қишлоқ хўжалиги, ветеринария ва бошқалар йўналишларда мустаҳкам алоқалар мавжуд.
Шу билан бирга, юртимизнинг қатор ОТМда араб тили бўйича кадрлар тайёрланмоқда. Хусусан, Тошкент давлат шарқшунослик университети, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети, Самарқанд давлат чет тили институтида, Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида ва Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида жами 4 мингдан ортиқ талабалар араб тилини алоҳида таълим йўналиши сифатида ўрганишмоқда.
Икки давлат олий таълим вазирлари ўртасидаги музокаралар давомида Миср олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларини Ўзбекистондаги олий таълим муассасаларида дарс беришлари қайд этилди.
Ташриф давомида Президентлар ҳузурида қатор икки томонлама ҳужжатлар имзоланди. Улар икки мамлакат ташқи ишлар вазирликлари, Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ва Миср Инвестициялар бўйича бош бошқармаси ўртасидаги, ўсимликлар карантини ва ҳимояси, жамоат соғлиқни сақлаш тизимини ташкил этиш, инвестицияларни жалб қилиш ва икки томонлама инвестициявий муносабатларни мустаҳкамлаш, техник жиҳатдан тартибга солиш, тараққиёт масалаларида тажриба алмашиш каби йўналишлардаги ҳамкорликни ривожлантиришни назарда тутади.
Шунингдек, Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази ва Абу Райҳон Беруний номидаги Ўзбекистон Шарқшунослик институти томонидан Миср Миллий кутубхонаси ва архиви билан ўзаро англашув меморандумлари имзоланди. Бу эса илм-фан соҳасидаги ҳамкорлик муштараклик касб этишини англатади.
Тарихий манбаларда қайд этилишича, Марказий Осиё халқлари қадимги даврдан бошлаб, Яқин Шарқ ҳудудидаги давлатлар ва Миср билан савдо-маданий алоқалар ўрнатган. Аждодларимиз Мисрда ҳам бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишларини амалга оширишда қатнашган. Илк ўрта асрларда Мисрда буюк мутафаккир бобомиз Аҳмад ал-Фарғоний Қоҳира шаҳрининг марказидан ўтган Нил дарёси ўзанида жойлашган Рода оролида сувнинг ҳажми ва тезлигини ўлчайдиган иншоот — ниломерни яратди.
Эътиборлиси, бу иншоотдан ҳозиргача фойдаланиб келинмоқда. Аҳмад ал-Фарғоний бобомиз ўз даврининг етук астрономи, математиги ва географи бўлган. Бағдод ва Дамашқда илмий тадқиқотлар ўтказган, 856 йилдан эса Қоҳирада яшаб, умрининг сўнггига қадар Мисрда илм-фан билан шуғулланган.
Ўзининг буюк асарлари билан инсоният тарихида ўчмас из қолдирган мутафаккир бобомизнинг Миср ривожига қўшган ушбу хизмати доимо қадрланади. Шу сабабдан Қоҳира шаҳрининг марказида буюк бобокалонимизга бағишлаб ҳайкал ўрнатилган.
Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистон ва Миср ўртасидаги халқаро ҳамкорлик алоқалари йил сайин мустаҳкамланиб бормоқда. Ушбу ташриф давлатларимиз ҳамкорлиги тарихида янги саҳифа очиш баробарида, келгусида икки мамлакатнинг янада яқин алоқаларида янги босқични бошлаб беради.
Элдор ШЕРМАНОВ,
Ўзбекистон давлат санъат ва
маданият институти ректори в.в.б
ЎзА