Самарқанд шаҳридаги Ўзбекистон маданияти тарихи давлат музейида аҳоли томонидан тақдим этилган нодир тарихий ашёлар ва халқ амалий санъати намуналарининг кўргазмаси ташкил этилди.
– Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 27 майдаги “Музейларда хизматлар соҳасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида аҳоли қўлидаги маданий бойликларни давлат музейлари томонидан қабул қилиб олишни рағбатлантириш ва оммалаштиришга қаратилган “Миллий меросга менинг ҳиссам!” умумхалқ акциясини ўтказиш белгиланган, – деди кўргазма очилишида қатнашган Самарқанд вилояти ҳокими ўринбосари Рустам Қобилов. – Мазкур акцияни амалга ошириш, яъни аҳолидан қадимий буюм ва ашёларни сотиб олиш учун ҳар йили маҳаллий бюджетдан маблағ ажратилмоқда. Жумладан, кейинги уч йилда вилоят маҳаллий бюджетидан ушбу мақсад учун 1 миллиард 225 миллион сўм маблағ берилиб, тўрт мингдан зиёд ашё музей фондларига қабул қилинди.


Маълумотларга кўра, биргина жорий йилнинг ўзида музейларга этнография, нумизматика, археология, тасвирий санъат ва бошқа соҳаларга оид 1700 дан ортиқ ашё келтирилган. Уларнинг 1205 таси харид қилинган бўлса, 423 таси аҳоли ва музей ходимлари томонидан туҳфа қилинган, 75 таси юртимиздан олиб чиқиб кетилаётганда божхона органлари томонидан тўхтатиб қолиниб, музейга тақдим этилган.
– Бугунги кунда вилоятимиздаги музейларда 240 мингга яқин экспонат сақланмоқда, – дейди Самарқанд давлат музей-қўриқхонаси директори Маъсуд Самибоев. – 8 мингга яқин ашё музейлар экспозицияларига чиқарилиб, намойиш этилмоқда. Бу аёшлар орасида фуқаролардан қабул қилинганлари ҳам бор. Кейинги йилларда аҳоли ўртасида олиб борилаётган тушунтириш ишлари ҳамда қадимий, тарихий аҳамиятга эга моддий қимматликларини сотиб олиш учун маблағ ажратилиши туфайли музейларимиз экспонатлари бойиб бормоқда.


Кўргазма давомида “Миллий меросга менинг ҳиссам!” умумхалқ акциясида фаол иштирок этган фуқароларга ташаккурнома ва эсдалик совғалари, шунингдек, оила аъзолари билан биргаликда 2025 йил давомида Самарқанд давлат музей-қўриқхонаси таркибидаги маданий мерос объектлари ва музейларга бепул кириши учун сертификатлар топширилди.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири