Қадим анъаналарига содиқ туркманлар
Саёҳат манзиллари
Қашқадарё вилояти Миришкор туманида жойлашган Помуқ шаҳарчаси кўплаб миллат вакиллари аҳил-иноқ яшаб келаётган ҳудудлардан саналади. Туман марказидан қарийб 60 километр масофа узоқликда жойлашган ушбу ҳудудда ўзбек, туркман, араб, тожик, татар, рус, корейс каби ўнлаб миллат вакиллари истиқомат қилади. Уларнинг асосий қисмини туркманлар ташкил этади.
Бир пайтлар асосий тирикчилиги фақатгина чорвачиликдан иборат бўлган туркманлар бугун ҳар соҳада ривожланишга эришган. Буни Помуқ шаҳарчасидаги ўзгаришлардан ҳам англаш мумкин. Шаҳарча қиёфаси бугунги кунда тубдан ўзгарган. Равон ва текис йўллар, замонавий ишлаб чиқариш объектлари, савдо дўконлари, маданият саройлари, умумий овқатланиш жойлари ва ҳаказо.
Лекин бу галги ҳикоямиз Помуқдаги замонавийлашган ҳаёт ва обод турмуш ҳақида эмас, аксинча ҳудудда бугунга қадар сақланиб келаётган қадимий анъаналар, урф-одатлар тўғрисидадир.
[gallery-18832]
Дастлаб Помуқ маданият ва аҳоли дам олиш маркази фаолияти билан танишдик. Бугунги кунда марказда доира, анъанавий ашулачилик, халпачилик ва эстрада тўгараклари, шунингдек, “Сарвиноз” фольклор жамоаси фаолият юритиб келмоқда.
Айниқса, Собир Аминов раҳбарлик қилиб келаётган “Сарвиноз” фольклор жамоаси туркман миллий қўшиқларини қайта тиклаш, байрам ва сайлларда ижро этиш орқали умрбоқийлигини таъминлашга муҳим ҳисса қўшмоқда.
Ёш йигитнинг ёрга дил изҳори, шаддод ёрнинг жавоби, икки ошиқнинг қалбни тўлқинлантирувчи айтишувлари, соф туркманча лаҳжада янграётган бу уланлар кўнгилга ҳузур беради...
Бугунга қадар туркман йигит ва қизлари тахяни (туркман миллий дўпписи) одатий ҳаёт тарзида ҳам кийишни канда қилмайди. Айниқса, келин сепларидаги кийимларнинг асосий қисми миллий либослардан иборат бўлади. Аёллар либосларининг ёқаларига тикилган нақшлар ва унинг товонгача ёпиб турувчи узунлиги ўзининг қадимий кўринишини сақлаб қолган. Миллий яктак ва чопонларнинг гирдиларига тикилган қўчқор шохи ва туя ўркачи шаклидаги нақшлар қадимдан туркманларнинг чорвадор халқ эканига ишора, дейди улар.
– Қўлимдаги бош кийим шилпили ғубба деб аталади, – дейди Ойбаҳор Андаева. – Бу бош кийимни туркман қизлари турмушга чиққунча байрамларга, тўйларга, сайлларга кийиб чиқишган. Тўйдан кейин рўмол ўрашган. Бундан ташқари, қуроқлар тикамиз, гиламлар тўқиймиз, туркман кўйлаклари тикамиз. Буни момоларимиздан ўрганганмиз. Замон билан ҳамнафас юрсак ҳам бу каби қадимий одатларимизни, либосларимизни унутмаймиз ва фарзандларимизга ҳам ўргатамиз.
Туркман миллий қадриятлари, урф-одатлари ҳақида маълумотлар тўплар эканмиз, ҳақиқий туркман тили бугунги кунда помуқлик туркманлар тилида ҳам сақланиб қолган ёки қолмаганига қизиқдик. Помуқлик туркманларнинг таъкидлашича, ўтган йиллар ва ҳар хил миллатлар билан аралашиб яшаш туркман тилига ҳам ўз таъсирини кўрсатмасдан қолмаган. Туркманча лаҳжада сўзлашсакда, тилимиз ўз аслини йўқотиб боряпти, дейди улар. Аммо ҳақиқий туркман тилида сўзловчи фахрийлар ҳали ҳам борлигини қўшимча қилишди.
– Ота-боболаримизнинг ҳикоя қилишича, Амударё бўйларидан мол-қўйларини боқиб шу жойларга келиб, ўтроқ ҳаёт кечириб қолишган, – дейди фахрий педагог Итолмас Муҳаммедов. – Асли аждодларимиз Амударё бўйига яқин жойлашган Либоб туркманларига бориб тақалувчи арсари уруғидан. Ота-боболаримиз асосан чорвачилик билан шуғулланган. Қўй жунидан гиламлар тўқишган. Савдо-сотиқ қилишган. Туркман тилининг софлиги сақланиб қолишига келсак, Помуқда бугунги кунда ўнлаб миллат вакиллари яшайди. Бир-бири билан қуда-анда бўлиб кетишган ва бу тилнинг ўзгаришига ҳам олиб келган. Мен мактабда узоқ йиллар туркман тилидан дарс ҳам берганман. Албатта, бу бизнинг она тилимиз, уни унутмаймиз.
Туркман миллий одатларидан ҳозирги кунгача сақланиб қолганларидан яна бири уларнинг миллий таомларидир. Қадим-қадимдан туркман оиласида мол сўйилган кун “шўлат” деб аталувчи мазали таом тайёрланган. Ушбу таомнинг тайёрланиши билан ҳам танишишга муваффақ бўлдик.
– Қадимдан туркман оиласида мол сўйилганда “шўлат” таоми тайёрланган ва ҳозир ҳам шундай, – дейди Помуқ шаҳарчаси хотин-қизлар фаоли Насиба Қодирова. – Молнинг ўпкаси, жигари, буйраги, юраги ва гўштидан қўшиб қиймаланиб, зираворлар қўшилиб, ўзидан чиққан чарвисига уралади ва тикилади. Уни шўрвага солиб пиширилади. Битта катта молнинг чарвисидан 25 тагача шўлат чиқиши мумкин. Таом қўни-қўшниларга ҳам улашилган. Бу таомнинг тарихи жуда узоқ, аммо бугунги кунгача туркман оилаларда тайёрланиб келинади. Жуда қувватли ва мазали таом.
Вақтимиз тиғизроқ бўлгани боис шўлатнинг таъмини татиб кўриш кейинги сафарга қолди, аммо тайёрланишидан жуда тансиқ таом эканлиги кўриниб турибди.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, мамлакатимизда яшаётган ҳар бир миллат вакиллари ўз қадриятларининг софлигини сақлаб қолган ҳолда эмин-эркин ҳаёт кечиришмоқда. Буни помуқлик туркманлар мисолида ҳам кўриш мумкин.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/TxXn_XUalAY?si=Jt_Lf2xP_g10o8i2" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат),
ЎзА мухбирлари