Пойтахтимиздаги Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактабда Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги томонидан 2021-2022 ўқув йили қабул жараёнларига тайёргарлик юзасидан очиқ мулоқот ташкил этилди.
Мулоқот доирасида Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлигининг қабулга тайёргарлик, Call-марказ хизмати, ишчи гуруҳ фаолияти, қабул бўйича масъул операторларни тайёрлаш юзасидан маълумотлар берилди.
Шунингдек, журналистларни қизиқтирган саволларга Агентлик директори Ҳилола Умарова ҳамда қабул бўйича мутахассислар жавоб беришди. Мазкур мулоқот ота-оналар учун онлайн ташкил этилиб, улар ҳам йўллаган саволларига мулоқот асносида жавоб олишди.
– Бизга кўпроқ “Фарзандим вилоят ёки тумандаги мактабда ўқийди, пойтахтдаги Президент мактабига ҳужжат топширсак бўладими?” мазмунида савол беришади, –дейди Агентлик кириш имтиҳонларини ташкил этиш бўйича ишчи гуруҳ раиси ўринбосари Шерзод Худойқулов. –Талабгор қайси вилоятда ўқиётган бўлса, ўша вилоятдаги Президент мактабларига ҳужжат топшириши керак бўлади.
[gallery-2680]
“Агар ўқувчи хорижда ўқиётган бўлса, унда қайси мактабга ҳужжат бериши мумкин?” каби саволга Ш. Худойқулов “Бундай ҳолатда ўқувчи ота-онасининг доимий рўйхатдан ўтган манзили бўйича ариза беради” деган жавобни берди.
Шунингдек, мулоқот жараёнида “Ўзбекистонда яшаётган хорижий фуқароларнинг фарзандлари ҳам ҳужжат топшириши мумкинми?” “Имконияти чекланган болалар ҳам ўқиши мумкинми, уларга шароитлар яратилганми?” , “Кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилаларнинг фарзандлари учун имтиёзлар борми?” каби йўлланган саволларга мутахассислар томонидан атрофлича жавоблар берилди.
Тошкент шаҳридаги Президент мактабида инглиз тили фанидан дарс бераётган буюк британиялик Анн Белли хоним ўзи сабоқ бераётган ўзбекистонлик болалар жуда ҳам зеҳни ўткир, билимга чанқоқ, келгусида улардан албатта муносиб кадрлар етишиб чиқишига ишончи комил эканини таъкидлади.
Нигора Раҳмонова, ЎзА