Пухта лойиҳа – сифатли қурилиш асоси
ФОТОРЕПОРТАЖ
Ҳар қандай бунёдкорлик ишининг пойдевори пухта ўйланган лойиҳа билан белгиланади. Айнан лойиҳа орқали келажак иншоотининг мустаҳкамлиги, қулайлиги ва замонавийлиги таъминланади. Шу боис қурилиш соҳасида лойиҳалаш ишларининг ўрни алоҳида аҳамият касб этади. “Қишлоқ қурилиш лойиҳа” масъулияти чекланган жамияти ана шундай масъулиятли йўналишда фаолият олиб бораётган ташкилотлардан.
Мазкур МЧЖ лойиҳа-қидирув ва дизайн ишлари билан шуғулланиб, мамлакатимизнинг қишлоқ ҳудудларини изчил ривожлантириш, уй-жойлар, ижтимоий ҳамда муҳандислик-инфратузилма объектларини лойиҳалашга ихтисослашган.
Жамиятнинг Сурхондарё вилоятидаги филиали бугунги кунда фидойи ва ташаббускор мутахассислардан иборат жамоаси билан шаҳар ва қишлоқларда олиб борилаётган кўплаб қурилиш ҳамда таъмирлаш жараёнларида фаол иштирок этиб келмоқда. Уларнинг асосий вазифаси – режалаштирилаётган объектлар бўйича топографик ўлчовларни амалга ошириш, лойиҳа-смета ҳужжатларини пухта ва талаблар асосида ишлаб чиқишдан иборат. Сўнгги йилларда мазкур жамият томонидан вилоят миқёсида қатор ободончилик ва инфратузилма лойиҳалари муваффақиятли амалга оширилди.
[gallery-27006]
МЧЖ ўзининг замонавий ёндашуви ва юқори малакали мутахассислари билан эътиборга тушган. Улар ишлаб чиқараётган лойиҳалар бугунги кун талаби ва меъёрига тўлиқ мослиги билан ажралиб туради. Айни пайтда корхона мутахассислари объектларнинг мураккаблик тоифалари классификатори бўйича III тоифага мансуб иншоотлар учун тўлиқ комплекс лойиҳалаш ишларини олиб бормоқда.
Айтиш мумкинки, ташкилот томонидан яратилаётган пухта лойиҳалар ҳудудларда олиб борилаётган бунёдкорлик ишларининг сифатли ва барқарор бўлишида муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ (сурат), ЎзА