Мулоҳаза
“Пушаймон” фантастик ёки бошдан-оёқ бадиий тўқималардан иборат фильм эмас, афсус. Йигирма дақиқага етиб-етмайдиган ушбу фильмда собиқ ҳамкасбимизнинг аянчли тақдиридан ҳикоя қилинади ва шу боис ҳам уни оғриқсиз кўриб бўлмайди.
Бугун суд тизимида коррупцияга қарши шунчаки курашилаётгани йўқ, балки асосий эътибор бу балонинг барвақт олдини олишга қаратилмоқда. Тўғрисиям шу: касални даволашдан кўра, унинг олдини олишда самара катта. Шу маънода Судьялар олий кенгаши ташаббуси билан тасвирга олинган “Пушаймон” қисқа метражли фильми жойларга чиқиб намойиш қилинаётгани, бундай тадбирларга судьяларнинг турмуш ўртоқлари ҳам таклиф этилаётгани алоҳида эътирофга лойиқ. Зеро, инкор этиб бўлмас ҳақиқат мавжуд: кишининг камоли-ю заволида оиланинг ўрни катта.
Судья деганда қонунга мувофиқ одил судловни амалга оширишга ваколат берилган шахс тушунилиши тўғри. Унинг дахлсизлиги ҳам қонунда алоҳида белгилаб қўйилган. Бундай юксак мақомга эга касб эгасининг зиммасидаги мажбуриятлари ҳам кичкина бўлмаслиги аён. Яқинда қабул қилинган янги таҳрирдаги “Судлар тўғрисида”ги қонунда ҳам судьяларнинг мажбуриятлари аввалгига қараганда янада кенгайганини кўриш мумкин. Яъни мазкур қонуннинг эски таҳририда (66-модда) судьяларнинг мажбуриятлари бор-йўғи 5 та бандда тартибга солинган бўлса, янги таҳририда (62-модда) 16 та бандга етди. Шунинг ўзиёқ судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлашнинг ҳуқуқий асослари кучайгани сари уларнинг масъулияти ва мажбурияти ҳам ортиб бораётганини кўрсатади.
Эътиборлиси, судьялар зиммасига юклатилган янги мажбуриятларнинг барчаси, мазмун-моҳиятига кўра, коррупцион омилларга йўл қўймаслик ёки унинг олдини олишга қаратилганидадир. Масалан, “Судлар тўғрисида”ги қонуннинг эски таҳриридаги “Судьяларнинг мажбуриятлари” баён этилган моддада коррупцияга қарши курашга оид норма йўқ эди. Янги таҳририда эса судья “...коррупциянинг ҳар қандай кўринишлари”дан ташқари “...одил судловни амалга ошириш бўйича фаолиятига ғайриқонуний аралашишга уринишларга қаршилик кўрсатиши” алоҳида банд сифатида киритилди. Бундай ҳолатлар аниқланган тақдирда бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашига хабар қилиши мажбурият тариқасида белгиланди. Бундан ташқари судья “...манфаатлар тўқнашуви юзага келган тақдирда ўзини ўзи рад қилиши ва суд процесси иштирокчиларини хабардор қилиши шарт”лиги ҳам унинг мажбуриятлари қаторига киритилди. Чунки,“манфаатлар тўқнашуви” коррупцион омиллардан ҳисобланади.
Судьяларнинг сиёсий партияларнинг аъзоси бўлиши ёки сиёсий ҳаракатларда иштирок этиши мумкин эмаслиги ўз-ўзидан равшан. Қонуннинг янги таҳририда мазкур норма янада такомиллаштирлиб, судья нафақат сиёсий тузилмаларга аъзо бўлиши ёки унинг тадбирларида иштирок этиши, балки “уни моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлашга ва бошқа сиёсий фаолият билан шуғулланишга” ҳақли эмаслиги янада ойдинлаштириб қўйилди. Негаки, ҳар қандай тузилма аҳолининг муайян қатламининг манфаатларини ифода қилади. Судья эса Конституция ва бошқа қонунларга сўзсиз риоя этишни зиммасига олар экан, аввало, барча фуқаролар, шунингдек, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаши, беғараз ва адолатли бўлиши шарт.
Судьянинг шахсан ёки ишончли шахслар орқали тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишга, шу жумладан, хўжалик юритувчи субъектни бошқаришда, унинг ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар, иштирок этиши мумкин эмаслигига оид янги норма ҳам коррупцион омиллардан бирининг олдини олишга қаратилган чорадир. Чунки, тадбиркорлик, жайдари тилда айтганда, бир сўмни ўн, ўн сўмни юз сўмга (ва ҳоказо) айлантиришдир. Манфаат бор жойда холислик ва бағаразлик чекиниши, бундан адолатга озор етиши эҳтимоли жуда юқори экани маълум.
Судьяларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида жойлашган чет эл банкларида ҳисобварақлар (омонатлар) очишга ва уларга эга бўлишга, нақд пул маблағларини ҳамда қимматликларни сақлаш чеклови қўйилиши хусусида ҳам юқоридаги гап. Бундай чеклов судьянинг эри(хотини)га ва вояга
етмаган фарзандларига нисбатан ҳам амал қилишига оид қўшимча норма эса мазкур мажбурият нечоғли жиддий эканидан далолат беради.
Шубҳасиз, судьялик юксак мақом. Бундай мақомга лойиқ топилганларнинг мажбурияти ҳам шунга яраша бўлиши табиий. Ўз навбатида судьянинг юксак мақомига муносиб моддий ва ижтимоий таъминот берилиши ҳам (63-модда) кафолатланган. Кейинги йилларда судьянинг моддий ва ижтимоий таъминоти борасида тарихда бўлмаган ишлар амалга оширилгани бунга яққол мисол.
...“Пушаймон”ни шундай ўй-хаёллар исканжасида томоша қилдим. “Билмайин босдим тиконни, тортадурман жабрини”, деган мақол бор. Суд тизими шундайки, билмай босилган тикондан бошқаларнинг жони оғрийди.
Масаланинг энг оғриқли нуқтаси ҳам шунда.
Муҳайё Дедамирзаева,
Наманган вилоят судининг фуқаролик ишлари бўйича судьяси