Пурвиқор тоғлар бағридаги Ғилон қишлоғи
Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз туманидаги Ғилон қишлоғи ўзининг бетакрор табиати, мусаффо ҳавоси, сўлим масканлари, ўзига хос анъаналари билан танилган гўша.
Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз туманидаги Ғилон қишлоғи ўзининг бетакрор табиати, мусаффо ҳавоси, сўлим масканлари, ўзига хос анъаналари билан танилган гўша.
Денгиз сатҳидан 2250 метр баландликда, пурвиқор тоғлар бағрида жойлашган Ғилонга ташриф буюрган ҳар қандай сайёҳ олам-олам таассуротлар оғушида қолади. Қишлоқ аҳли асосан боғдорчилик, деҳқончилик ва чорвачилик билан шуғулланади. Қуёшни уйғотиб, далага ошиқадиган ғилонликларнинг тоғ ён бағрида ер очиб, деҳқончилик қилиши уларнинг меҳнатсеварлигидан далолат.


Ғилон қишлоғи ҳақида “Қашқадарё қишлоқномаси” китобида “Ғилон – Шаҳрисабз туманидаги қишлоқ. Эроний тилли халқларнинг гел деган қабиласи бўлган. Шу қабилага нисбат бериб гел+он-геллар, Гел қабиласига мансуб аҳоли тарзида изоҳлашади. Эронда Ғелон/Ғилон шаҳри бор. Яғноб (янги суғд) тилида ғилинк, тожик тилида ғаланг-улкан тошлар уюми, тош ғарами. Ғилон қишлоғи тоғ бағрида ва ичида, ҳамма томони тош билан ўралган. Тоғ, улкан чўққилар бағридаги кичик майдонда қишлоқ ўрнашган. Ғилинк/-ғаланг/ғиланк-Ғилон –тоғнинг баланд чўққисидан қуйига қулаб тушган баҳайбат тошлар тўдаси бўлган жой(даги қишлоқ)”, деб таъриф берилган.

