Ҳар бир мамлакат иқтисодиётининг ривожланиши учун автомобиль йўлларининг аҳамияти юқори. Аммо шу билан бирга йўлсозлик жуда катта харажатларни талаб этади. Мавжуд қонунчиликка кўра, 2024 йил 1 январдан автомобиль йўлларини қуриш ва реконструкция қилиш ишлари якунланган объектларнинг асосий конструктив элементлари бўйича камида 3 йиллик кафолатли хизмат қилиш муддати жорий қилинади.
Йилнинг ҳарорат юқори бўлган вақтларида автомобиль йўлларида юк ташувчи транспорт воситалари ва автопоезд (тиркама)ларнинг (махсус транспорт воситаларидан ташқари) ҳаракатланишига мавсумий чекловлар ўрнатилади. Тажриба-синов тариқасида Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда узунлиги 20 кмгача бўлган умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини эксплуатация қилиш ишларига аутсорсинг асосида хусусий сектор жалб қилинади.
Умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини юқори тезликда ҳаракатланишга оид халқаро талабларга мувофиқ лойиҳалаштириш, қуриш ва реконструкция қилиш ишларини амалга ошириш ҳамда келгусида ушбу йўлларга муқобил йўллар мавжуд бўлганда, “пуллик йўллар” тоифасига ўтказиш режалаштирилган. Хусусан, 2025 йилда “Тошкент-Андижон”, “Тошкент-Самарқанд” йўналишлари бўйича пулли йўллар ва “Тахтақорача” довонида пулли тоннели қурилади.
“Тошкент-Самарқанд” пулли автомобиль йўлини қуриш лойиҳасининг дастлабки техник-иқтисодий ҳужжатини ишлаб чиқиш учун Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) томонидан 350 минг доллар миқдорида грант маблағлари ажратилган. Ушбу маблағлар ҳисобидан Австриянинг “ILF Consulting Engineers Austria GmbH” компанияси томонидан лойиҳанинг дастлабки техник-иқтисодий асоси ишлаб чиқилган. Ҳужжатни ишлаб чиқиш мақсадида Европа тикланиш ва тараққиёт банки томонидан 1,5 миллион евро миқдоридаги маблағлар ажратилган. Лойиҳанинг умумий узунлиги 305 километрни ташкил қилмоқда.
“Тошкент-Самарқанд” пулли автомобиль йўли қурилиши ҳаракат жадаллиги тақсимланишига олиб келади. Йўл қопламасининг юк кўтариш қобилияти халқаро стандартлар бўйича 13 тонна ҳисобида амалга оширилади ҳамда автомобиль йўлининг хизмат қилиш муддати 25 йил этиб белгиланган.
Ҳайдовчилар ҳақ тўлаб фойдаланадиган йўллар пулли йўллар ҳисобланади. Бу каби йўллардан фойдаланганлик учун тўланадиган маблағ йўлни таъмирлаш ва сақлаш, техник хизмат кўрсатиш харажатларини қоплаш учун сарфланади. Тижорий йўлларнинг давлат йўлларидан асосий фарқи шундаки, бундай йўналишларда фойдаланувчилар ва уларнинг автоуловларига юқори сифатда хизмат кўрсатилади.
Аслида республикада пулли йўлларнинг жорий этилиши ҳайдовчилар учун соатига 120–150 километр тезликда ҳаракатланиш ва вақтни тежаш имконини беради. Европа, Осиё, Америка, Австралия ва Африка қитъаларидаги кўплаб давлатлар аллақачон пулли автомагистраллар тизимига ўтган.
Хўш, Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларида ҳам барча қулайликларни ўзида жамлаган пулли йўллар ташкил этилиши мумкинми?
– Аҳоли, албатта яхши йўллардан юришга муносиб, – дейди Автомобиль йўллари қўмитаси директори ўринбосари Шуҳрат Назаров. – Ўзбекистонда пулли йўлларни барпо этиш борасида лойиҳалар амалга оширилмоқда. Бу каби йўллар қурилиши мамлакат иқтисоди ривожига ижобий таъсир кўрсатади. Пулли йўлларда тўловларни амалга ошириш шерикларнинг икки томонлама келишуви асосида белгиланади. Ҳудудларда ижтимоий сўровномалар ўтказиш орқали аҳолининг пулли йўлга бўлган муносабати, эҳтиёжи ва фикри ўрганилмоқда. Катта лойиҳаларни амалга оширишда жамоатчиликнинг талаб ва истаклари инобатга олинади. Бугунги кунда Сурхондарё вилоятида ҳам пулли йўлларни қуриш ишлари бошлаб юборилган. Талабга қараб келгусида бундай йўлларни янада такомиллаштириш, бошқа жойларда ҳам жорий этиш режалаштирилган.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА