Психологик тренингда мактаб директорлари қатнашди
Психология инсон руҳияти билан боғлиқ мураккаб соҳа. Тадқиқотлар инсоннинг руҳий ҳолати нафақат унинг яшаш тарзи, балки соғлигига ҳам бевосита таъсир кўрсатишини исботлаган.
Яъни бизнинг руҳий ҳолатимиз касбимиз, оилавий муносабатларимиз, ҳатто моддий даромадимизга ҳам ўз таъсирини ўтказар экан. Тушкунлик, қўрқув, депрессия, ўтмишдаги хатоларни унута олмаслик, ғазаб бахтли яшашимизга халақит берадиган ҳолатлар саналса, позитивлик, кечира олиш, унутиш, қувноқ кайфият ишимизда ҳамда ҳаётимизда ютуқларга олиб келади.
Психологлар ассоциацияси Бухоро вилояти бўлими томонидан аҳоли орасида турли психологик тренингларни ташкил этишдан кўзланган мақсад ана шу оддий, бироқ ҳаёт учун муҳим ҳолатларни инсонларга тушунтиришдан иборат.
[gallery-17478]
– Ассоциациямиз томонидан кўплаб тадбирларни ўтказиб келяпмиз, – дейди Психологлар ассоциацияси Бухоро вилояти бўлими аъзоси Светлана Ўринова. – Бугун биз биринчи маротаба шаҳардаги умумтаълим мактаблари директорлари учун психологик семинар тренинг ўтказдик. Бу тадбир орқали мутахассисларимиз раҳбарларга оддий дам олиш, кайфиятни кўтариш каби ҳолатларни ўргатишга ҳаракат қилди. Ҳаётдан завқланиб яшашга ўргатди. Мутахассисларимиз юқори малакага эга, назариячи ва амалиётчилар ҳисобланади.
Ассоциация томонидан бу гал психологик тренинглар мактаб директорлари учун ташкил этилди. Сабаби мактаб раҳбарлари ўқувчи ёшлар ва уларнинг ота-оналари билан ишлайди. Ҳар куни турли вазиятларга тушадиган раҳбар ўзини бошқара олиши, руҳий хотиржам бўлиши ўта муҳим.
– Семинар-тренинг жуда ҳам чиройли жойда ва ноанъанавий усулда ўтказиляпти, – дейди Муродилло Ҳамроев. – Психология ҳақиқатдан ҳам инсонни ҳар қандай ҳолатдан олиб чиқади. Айниқса, бу тренинг биз раҳбарларга жуда ҳам катта ёрдам беради. Мактаб директори ҳар қандай вазиятда ота-оналар, ўқувчилар билан учрашади. Улар билан қилинадиган муомала, вазиятлардан чиқиш учун қандай усуллардан фойдаланиш кераклиги бугунги семинарда ўзининг аксини топди. Бу жуда ҳам фойдали бўлди.
Тренингларга вилоятда фаолият кўрсатаётган энг тажрибали руҳшунослар таклиф қилинди. Улар гуруҳларда турли мавзуларда тренинг машғулотларини олиб борди. Энг муҳими, барча гуруҳларда иштирокчилар руҳий саломатликнинг ҳаёт тарзига таъсири ҳақида керакли тушунчаларни олди.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари