Прокурорнинг сайёр қабули бўлиб ўтди
Давлатимиз раҳбарининг аҳоли мурожаатлари билан ишлаш тизимини мутлақо янгича ташкил қилиш юзасидан берган топшириғи ижросини таъминлаш мақсадида Сирдарё вилояти прокуратураси органлари томонидан мунтазам сайёр қабуллар ўтказилмоқда.
Сирдарё вилояти прокурори Шохрух Аминов томонидан Гулистон туманида ўтказилган навбатдаги сайёр қабул ҳам аҳоли билан яқиндан мулоқот қилиш, уларнинг муаммоларига ечим топишда муҳим аҳамият касб этди.

Қабул давомида 62 фуқаронинг мурожаати эшитилди. Улардан 20 та мурожаат такрорийдир, ушбу мурожаатларнинг 5 таси жойида қаноатлантирилди, 1 та мурожаат юзасидан ҳуқуқий тушунтириш берилди ҳамда 14 та мурожаат ижроси назоратга олинди.

Шунингдек, жиноят содир этишга мойил ва профилактик ҳисобга олинган 5 нафар ёш билан суҳбатлашилиб, 1 нафарига тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириши учун кредит ва 1 нафарини профилактик ҳисобдан чиқаришда амалий ёрдам бериш масаласида тегишли ташкилотларга топшириқлар берилди.

Тадбир сўнгида, “Ёшлар дафтари”га киритилган 10 нафар ёшга тадбиркорлик фаолиятини бошлаши ва ўзини-ўзи банд қилиши учун микротўлқинли печ ва мотоеультиватор, ҳайдовчилик гувоҳномалари олиш учун тўлов сертификатлари топширилди.
Вилоят прокурори Гулистон туманидаги 70-сонли мактаб интернатининг ўқувчилари билан ҳам учрашди. Улар билан ёшларнинг таълим олиши учун яратилаётган кенг имкониятлар ва шароитлар ҳақида суҳбатлашилди.
Ўқувчиларга ўқув қуроллари жамланмаси ва телевизор топширилди.
Шуҳрат Суяров, Фурқат Тошматов (сурат), ЎзА