Бош прокурорнинг мамлакатимиз аҳолисига яқинда йўллаган мурожаатида қайд этилган масалалар ижросини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида Бош прокуратура ахборот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсуддинов маълумот берди:
– Аҳолини қийнаётган муаммоларни аниқлаш ва бартараф этиш, муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилаётир. Прокурорлар секторларидаги “Темир дафтар”га киритилган 5 мингдан зиёд оилага ҳар томонлама кўмак берилмоқда.
"Аёллар" ва "ёшлар" дафтарларига киритилган 13 минг 435 нафар хотин-қиз ва 11 минг 535 нафар ёшларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлашга доир ишлар давом эттирилмоқда.
“Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да жисмоний ва маънан етук ёш авлодни тарбиялаш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, ёшлар томонидан илгари сурилаётган ғояларни рўёбга чиқаришга алоҳида эътибор қаратилди.
Жумладан, 1 минг 409 нафар ёшнинг иш билан таъминланишида, 262 нафарининг касб-ҳунар ва хорижий тилларни ўрганиш курсларида ўқитилишида, 1 минг 37 нафарига бир марталик моддий ёрдам ажратилишида кўмаклашилди.
Ижтимоий соҳада асосан аҳоли бандлиги, янги иш ўринларини яратишга қаратилган дастурлар ижросини таъминлаш, экологик муҳитни, табиий бойликлар ва маданий меросни асраб-авайлаш борасидаги вазифалар ижроси устидан назорат янада кучайтирилди.
Шунингдек, таълим, тиббиёт ва коммунал хизмат соҳаларидаги ўз ечимини топмаган масалаларнинг сабабларини аниқлаб, уларни алоҳида ёндашув асосида ҳал этиш бўйича таъсирчан чоралар кўрилмоқда.
Тиббиёт соҳасида аниқланган қонун бузилиши ҳолатларини бартараф этиш бўйича тегишли ташкилотларга 34 тақдимнома киритилди. 49 та ҳужжатдаги ноқонуний ҳолатлар бартараф этилиб, қонунларга мувофиқлаштирилди. 181 нафар шахс интизомий, маъмурий ва моддий жавобгарликка тортилди, 8 та жиноят иши қўзғатилди ҳамда 4 минг 337 нафар шахснинг бузилган ҳуқуқлари тикланди.
Экологик муҳитни ва табиий бойликларни муҳофаза қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, Фарғона вилоятининг Ўзбекистон тумани Шўрсув шаҳарчаси ҳудудида атмосфера ҳавосига белгиланган меъёрдан ортиқ саноат ташламалари чиқараётган 10 та қурилиш маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи корхоналар фаолияти чанг ушлаш фильтрларини талабга мослаштириш тўғрисидаги мажбурий кўрсатма билан вақтинча тўхтатилиши ҳамда 791 миллион сўм қўшимча компенсация тўловлари ҳисобланиши таъминланди.
Ҳозирда вазирлик ва бошқа мутасадди идоралар билан ҳамкорликда Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти ҳудудларида атмосфера ҳавоси ва сув ҳавзаларини ифлослантириш манбалари ва зарарли ташламалар ҳажмини кескин қисқартириш масалалари идоралараро ишчи гуруҳ томонидан ўрганилмоқда.
Тадбиркорларга ҳар томонлама кўмак бериш, уларнинг фаолиятига ноқонуний аралашувлар ва бюрократик тўсиқларни бартараф этишга эътибор қаратилди. Жумладан, 60 нафар тадбиркорга 84 миллиард сўмлик кредит, 44 нафарига лицензия ва рухсатнома берилишида, 374 нафарига коммуникация тизимларига уланишида амалий ёрдам кўрсатилди. Прокуратура кўмаги билан 126 та янги тадбиркорлик субъекти ташкил этилди, 260 субъектнинг фаолияти тикланди, 486 та янги иш ўрни яратилди.
Ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга доир дастурлар ижроси алоҳида назоратга олиниб, бюджет маблағларининг мақсадли сарфланишини таъминлаш, талон-торож қилинишининг олдини олиш чоралари кўрилмоқда. Жумладан, тасдиқланган ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастурига асосан жорий йилда бюджетдан 20,4 триллион сўм маблағ ажратилиши ва 1 минг 724 та объектда қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилиши белгиланган.
Қурилиши белгиланган 875 объектнинг лойиҳа ҳужжатлари ишлаб чиқилиши, 874 таси шаҳарсозлик экспертизага тақдим этилиши ва 666 тасига экспертиза хулосалари олиниши таъминланди.
Кўрилган чоралар натижасида лойиҳа ҳужжатларидаги 817 миллиард сўмлик қиймат мақбуллаштирилиб, бюджетдан ортиқча маблағ харажат қилинишининг олди олинди. Шундан 488 миллиард сўми лойиҳалар учун ажратилган лимит маблағларга нисбатан иқтисодқилинди.
Ҳуқуқбузарликлар ва жиноятчиликка қарши курашиш борасида ҳам тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Бунда асосий эътибор жиноятнинг оқибатига қарши курашишга эмас, аввало, уни келтириб чиқараётган омиллар ва сабабларга барҳам беришга қаратилди. Кўрилган чоралар натижасида республикадаги маҳаллаларнинг 8 минг 571 тасида ёки 91 фоизида жиноят қайд этилмади, 697 таси ёки 7 фоизида жиноятчилик барқарор сақланиб қолишига ва камайишига эришилди.
Тезкор-қидирув соҳасида назорат кучайтирилиб, ноаниқ шароитларда содир этилган 1 минг 441 та жиноят фош этилиши ҳамда қидирувда бўлган 447 нафар шахснинг ушланиши таъминланди.
Терговга қадар текширув, суриштирув ва дастлабки терговда қонунчиликка риоя этилишини таъминлаш чоралари доирасида суриштирув ва тергов органларининг 4 минг 892 нафар шахсга нисбатан 3 минг 948 та жиноят иши ўрганилиб, судларга юборилди.
Бевосита прокуратура органлари томонидан 1 минг 887 жиноят иши юзасидан дастлабки тергов ўтказилиб, 870 нафар шахсга нисбатан 584 та жиноят иши судларга юборилди. Жиноят оқибатида етказилган 156 миллиард сўмлик зарар ундирилди.
Жамиятда коррупцияга қарши муросасизлик муҳитини шакллантириш ва қатъий курашга доир вазифалар ижроси изчил давом эттирилмоқда. Бу борада давлат идораларида коррупция ҳолатларининг барвақт олдини олиш, ички назорат тузилмалари ишини янада кучайтириш, соҳа ва тармоқлар фаолиятини рақамлаштиришга доир вазифалар ижроси қатъий назоратга олиниб, зарур чоралар кўриб борилмоқда.
Фаолиятга рақамли технологияларни кенг жорий этиш чоралари доирасида Бош прокуратуранинг электрон иш юритиш дастури мунтазам такомиллаштирилиб борилмоқда. Жумладан, жорий йилнинг январь ойида Бош прокуратура ахборот тизими Рақамли технологиялар вазирлигининг Идоралараро интеграциялашув платформаси билан веб-сервислар бўйича интеграция қилинди.
Фаолият ошкоралигини таъминлаш ҳамда аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш соҳасида аҳолига янги қабул қилинган қонунларнинг моҳиятини етказиш мақсадида 11 минг 181 тадбир ташкил этилди. Шундан 3 мингдан зиёди оммавий ахборот воситалари орқали амалга оширилди.
Бош прокуратура расмий веб-сайтида 255, шунингдек, ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифаларида кенг жамоатчилик учун қизиқарли бўлган 765 та маълумот, тезкор хабарлар, юқори резонансга сабаб бўлган воқеа ва ҳодисалар ҳақидаги ахборотлар эълон қилинди.
Бу борадаги ишлар давом эттирилмоқда.
Н.Абдураимова, ЎзА