Профессор-ўқитувчилар мини-футболда беллашди
Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантиришда турли турнир ва мусобақалар ташкил этиш яхши самара беради.
Жисмоний фаоллик, спорт тадбирларида профессор-ўқитувчиларнинг фаол иштирок этиши эса талаба-ёшларга намуна, амалий ўрнак бўлиб хизмат қилади. Олий таълим соҳаси вакилларининг соғлом ҳаёт кечириш даражасини оширади. Шундан келиб чиққан ҳолда, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети профессор-ўқитувчилари ва ишчи-ходимлари ўртасида мини-футбол бўйича университет чемпионати ташкил этилди.

Меҳнат жамоаларининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллик даражасини оширишни кўзлаган мазкур мусобақа жорий йилнинг январь–июнь ойларида бўлиб ўтди. Унда 16 жамоа ғолиблик учун баҳс олиб борди. Муросасиз кечган ўйинларда профессор-ўқитувчиларнинг жисмоний тайёргарлик даражаси ошиб борди.
Қарийб олти ой давом этган чемпионатнинг якуний натижаларига кўра университетнинг Тарих факультети биринчиликни қўлга киритди. Факультет жамоаси 15 та ўйиндан иборат турнирда 38 очко билан мағлубиятсиз серия қайд этган ҳолда чемпионликка эришиб, мавсум давомида етакчилик қилди. Устозларидан ўрнак олган тарихчи-талабалар ҳам “Ректор кубоги” мусобақаларида университет чемпиони бўлишди. Икки йирик мусобақанинг ғолиблиги ҳам Тарих факультетига насиб этди.
Чемпионат якунида ташкилланган тақдирлаш маросимида ғолиб жамоалар кубок, диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди. Оммавий спорт турларига оид бундай мусобақаларни келгуси ўқув йилида ҳам мунтазам ташкил этиб боришга келишилди.
М.Каримова
ЎзА