Профессор-ўқитувчилар мактаб ўқувчилари ҳузурида
Умумтаълим мактабларида таълим сифати ҳамда ўқитувчиларнинг касбий маҳоратини ошириш ва методик қўллаб-қувватлаш, битирувчиларни олий таълимга кенг жалб этиш мақсадида Қарши давлат университети раҳбариятининг олийгоҳга бириктирилган мактабларга ташрифи давом этмоқда.
Қарши давлат университети раҳбарияти ва профессор-ўқитувчилари иштирокида Қамаши туманидаги 43-, 65-сонли умумий ўрта таълим мактабларининг битирувчилари билан учрашуви ташкил этилди.
43-умумий ўрта таълим мактабида ташкил этилган учрашувда университетнинг бугунги кундаги фаолияти, профессор-ўқитувчиларнинг салоҳияти ҳамда талабалар учун яратилган шароитлар ҳақида батафсил маълумот берилди.

Шу билан бирга, ўқувчи-ёшларнинг қизиқишлари, келажакдаги мақсадлари ўрганилди. Ўқувчилар учун олий таълим муассасасига ўқишга киришда қўшимча махсус ўқув-тайёрлов курсларини ташкил этиш, ўқувчилар қизиқишига кўра ижодий ва фан тўгаракларини ташкил этиш, беш ташаббус доирасида спорт мусобақалари ҳамда ижодий кечалар ташкил этиш борасида келишиб олинди. Шунингдек, олий таълим муассасасига кириш истагида бўлган битирувчилар учун Қарши давлат университетига экскурция ташкил этиладиган бўлди. Учрашув якунида мактаб жамоасига замонавий тикув машиналари, компьютер жамланмаси, турли бадиий китоблар, электрон ўқув қўлланмалар, волейбол ва футбол тўплари совға қилинди.

65-мактабда бўлиб ўтган мулоқот ҳам самимий руҳда кечди. Қарши давлат университети профессор-ўқитувчилари ўз тажриба ва муваффақият сирлари билан ўртоқлашди.
Тадбир давомида ижтимоий фанлар факультети ҳамда мактаб ҳамкорлигида ташкил этилган иншолар танлови ғолибларини тақдирлаш маросими ҳам бўлиб ўтди. Ғолибларга диплом ва эсдалик совғалари топширилди.

Мактаб ўқувчиларининг таклифига кўра Қарши давлат университетида футбол, волейбол спорт турларидан ижтимоий факультет талабалари билан ўртоқлик учрашуви мақомида спорт мусобақалари ташкил этиш режалаштирилди. Мулоқот якунида мактаб фондига замонавий компьютерлар, энг сара адабиётлар тўплами ва волейбол, футбол тўплари тақдим қилинди.
Ў.БАРОТОВ, ЎзА