Профессор-ўқитувчилар коронавирусга қарши эмланмоқда
Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети профессор-ўқитувчилари коронавирусга қарши эмланишни бошлади.
– Бугунги кунда барчамизнинг вакцинация жараёнида фаол иштирок этишимиз муҳим аҳамият касб этади, – дейди университет ректори Аҳмед Реймов. – Бу билан биз нафақат ўзимизнинг балки атрофимиздагиларнинг ҳам соғлигини асраган бўламиз. Соҳа мутахассислари қайд этганидек, коронавирусга қарши вакциналар пандемияни енгишда асосий омил бўлиб хизмат қилади.
Шу куннинг ўзида университет проректорлари, факультет деканлари ва масъул ходимлар ихтиёрий равишда коронавирусга қарши вакцина олди.
Таъкидлаш жоизки, барча оилавий поликлиникаларда махсус бригадалар ташкил этилиб, жойларда коронавирусга қарши даволаш ишлари олиб борилмоқда. Аҳолига янада қулайлик яратиш мақсадида Нукус шаҳрида бешта жойда, жумладан, “Мега Нукус”, “Корзинка” савдо марказларида, марказий Деҳқон бозорида, давлат хизматлари марказида, ФҲДЁ бўлимида мобиль бригадалар ташкил этилиб, барча эътибор эмлаш ишларига қаратилмоқда. Чунки айни дамда эмланиш ҳар қачонгидан ҳам муҳим бўлиб, у касалликнинг олдини олиш ва одамлар ҳаётини сақлаб қолишнинг хавфсиз ҳамда самарали усулидир.
Вакцинация жараёнида Оролбўйининг бошқа олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари ҳам фаол иштирок этиб, коронавирусга қарши эмланмоқда.
Довуд Абибуллаев, ЎзА