БААнинг Дубай шаҳрида бокс бўйича ўтказилган "IBA чемпионлар оқшоми"да ҳамюртимиз Саиджамшид Жафаров ғалаба қозонди. Мазкур бокс баҳсида С.Жафаров япониялик Осиё ўйинлари ва Жаҳон чемпионати ғолиби Қуинсе Оказава билан 6 раундлик жангда рингга кўтарилди.
Муросасиз ўтган мусобақа якунида ҳакамларнинг якдил қарорига кўра, ҳамюртимизнинг ғалабаси эътироф этилди.
Турнирнинг асосий жанги енгил вазн (61,2) тоифасида россиялик Токио-2020 Олимпиадаси чемпиони Альберт Батиргазиев ва кубалик Ласаро Альваресга ўртасида кечди.
Жанг тўлиқ 10 раунд давом этди ва якунда Батиргазиев ҳакамларнинг қарори билан очколар ҳисобига кўра, ғалаба қозонди. Профессионал рингдаги 11-ғалабасини тантана қилган Альберт IBA чемпионлик камари билан бирга 300 минг АҚШ доллари миқдоридаги гонорарни ҳам қўлга киритди. Фаолиятидаги илк мағлубиятини қабул қилган Ласаро Альварес эса 200 минг долларга эга бўлди.
Эслатиб ўтамиз, мазкур бокс оқошомидаги жангларни мамлакатимизнинг номдор боксчилари Баҳодир Жалолов, Ҳасанбой Дўсматов, шунингдек Асадхўжа Мўйдинхўжаев Ўзбекистон бокс федерацияси бош котиби Шоҳид Тиллабоев ҳамроҳлигида кузатди.
Т.Рўзиев, ЎзА