Ўзбекистон ва Мўғулистон ўртасидаги муносабатлар тарихий, маданий ва иқтисодий алоқаларга асосланган бўлиб, сўнгги йилларда мазкур ҳамкорлик янги босқичга кўтарилмоқда.
Икки ўлка етакчиларининг интилиши мавжуд алоқаларни янада мустаҳкамлашга қаратилган бўлиб, минтақавий ҳамкорлик ва тараққиёт учун кенг имкониятлар очмоқда.
24-25 июнь кунлари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Мўғулистон Президенти Ухнаагийн Хурэлсух таклифига биноан давлат ташрифи билан ушбу мамлакатда бўлди. Олий даражадаги музокаралар чоғи қатор икки томонлама ҳужжатлар имзоланди.
ЎзА мухбири мазкур ташриф якунлари ва Ўзбекистон – Мўғулистон муносабатларининг замонавий ҳолати, истиқболи ҳамда аҳамияти хусусида икки давлат экспертлари фикрларини ёзиб олди.
Адиякҳуу Батбазар, сиёсий таҳлилчи (Мўғулистон):

– Аввало қайд этиш керак, Мўғулистон ва Ўзбекистон ўртасидаги алоқалар сўнгги йилларда сезиларли даражада мустаҳкамланмоқда. Икки мамлакат ҳам геосиёсий жойлашуви, тарихий ва маданий ўхшашлиги асосида кенг қамровли шерикликни ривожлантиришга интилмоқда. Ўзбекистоннинг иқтисодий ислоҳотлари ва Марказий Осиёдаги етакчи мавқеи Мўғулистон учун янги имкониятлар эшигини очмоқда.
Яқин-яқингача дунёнинг ёпиқ давлатларидан бири ҳисобланган Ўзбекистонда сўнгги бир 5-6 йил ичида мисли кўрилмаган ижобий ўзгаришлар юз берди. Самарқанд, Бухоро, Хива, Шаҳрисабз каби қадимий Ипак йўлидаги шаҳарлари билан дунёга машҳур бу ўлка минг йиллар давомида цивилизациялар чорраҳаси сифатида узоқ тарихга эга.
Бугун бу диёрнинг ташқи алоқалари кенгайиб, иқтисодиёти жадал ривожланмоқда. Охирги 10 йил ичида Ўзбекистон иқтисодиёти йиллик ўртача 5,9 фоиз ўсди, бу ёмон эмас. 2017 йил бошланган ислоҳотлар жараёни тўхтовсиз давом этиб, Янги Ўзбекистонни ривожлантириш бўйича Стратегик сиёсат муваффақиятли амалга оширилмоқда.
Иқтисодиёти бўйича минтақада юқори ўринда турувчи Ўзбекистонни айрим таҳлилчилар “Бешинчи Осиё йўлбарси” деб атаётгани бежиз эмас, албатта.
Олиб борилаётган ислоҳотлар мамлакатни ҳар томонлама ривожлантириш, халқаро майдондаги таъсирини кучайтиришга қаратилган. Мутахассислар нисбатан қисқа вақт ичидаги бу муваффақиятларни қуйидаги бир неча омил билан изоҳлайди:
Собиқ иттифоқ даврида пахта етиштириш бўйича дунёнинг етакчи 10 давлатидан бири ҳисобланган Ўзбекистонни кўпчилик узум юрти сифатида яхши билса-да, минерал хом ашёга ниҳоятда бойлигини сезмаган. 2014 йил статистикасига кўра, мамлакат табиий газ қазиб чиқариш бўйича дунёда 14-ўрин, пахта экспорти бўйича 4-ўрин, ишлаб чиқариш саноатида 6-ўрин, уран ва мис захираси бўйича биринчи ўнлик, олтин захираси бўйича 4-ўрин, қазиб олиш бўйича 7-ўринда эди.
Тасдиқланган захирага эга 900 дан ортиқ фойдали қазилма конларининг тахминий қиймати 970 миллиард долларни, геология захирасининг тахминий қиймати эса 3,3 триллион долларни ташкил этади. Марказий Осиёнинг бошқа давлатларидан фарқли ўлароқ, Ўзбекистон ушбу фойдали қазилмаларни ўзида қайта ишлаш ва қўшимча қиймат билан экспорт қилиш афзаллигига эга.
Иккинчидан, иқтисодий тармоқлар ялпи ички маҳсулотга қўшган ҳиссасига кўра тартибланган ва қайси тармоқлар яхши ривожланиши синчиклаб аниқланган. Масалан, хизмат кўрсатиш 40 фоиздан ортиқ. Шу муносабат билан Президент Мирзиёев “туризм соҳаси 3-4 баробар кенгайса, пахта етиштиришга ҳожат қолмайди”, деганди.
Иқтисодиётнинг яна бир афзаллиги доимий ўзгариб турадиган ташқи муҳитга тез мослаша олиш қобилиятидир. Бундан ташқари аҳоли, айниқса, меҳнат ресурслари жадал суръатлар билан ўсмоқда. Ҳозир қарийб 38 миллион аҳолининг 60 фоизи 30 ёшгача бўлган ёшлар.
Инсон ресурслари салоҳияти бўйича Ўзбекистон Марказий Осиёда энг юқори кўрсаткичга эга. Юқори меҳнат унумдорлиги фақат хориждан технология ва асбоб-ускуна харид қилиш натижаси эмас. Таълим меҳнат унумдорлигини оширишнинг асосий омили бўлиб, ҳукумат олий таълим тизимини жадал ривожлантириш сиёсатини амалга оширмоқда ва ялпи ички маҳсулотнинг 5-6 фоизини таълимга сарфламоқда. Бу АҚШга яқин кўрсаткич.
Шу билан бирга ривожланишга тўсқинлик қилувчи айрим омиллар ҳам мавжуд. Мамлакат денгизга чиқа олмайди, икки-уч давлат ҳудуди орқали денгизга чиқиш имконига эга дунёдаги икки давлатдан бири ҳисобланади. Ушбу муаммони бартараф этиш учун транспорт тизимини 2035 йилгача ривожлантириш бўйича стратегик сиёсат ишлаб чиқилиб, маҳаллий маҳсулотларни имкон қадар тезроқ денгиз портларига етказадиган транспорт йўлаклари яратишга алоҳида эътибор қаратиляпти.
2022-2026 йилларда Янги Ўзбекистонни ривожлантириш стратегиясида атроф-муҳит муҳофазасига алоҳида эътибор қаратилган. “Яшил макон” лойиҳаси доирасида ҳар йили 200 миллион туп дарахт ўтқазиш, эрта баҳор 125 миллион, кеч куз эса 75 миллион кўчат экиш режалаштирилган.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, Ўзбекистон етакчисининг Мўғулистонга давлат ташрифи икки мамлакат ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва янги йўналишларда ривожлантиришга қаратилган муҳим қадам бўлди. Бу ташриф икки халқ ўртасидаги дўстлик ва ўзаро ишончни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Оқилиддин Алимов, ТДШУ Шарқ мамлакатлари ривожини тадқиқ этиш илмий-таҳлил маркази директори:

– Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Мўғулистонга амалга оширган давлат ташрифи икки давлат ўртасидаги муносабатларда тамоман янги, стратегик босқични бошлаб берди, дейиш мумкин. Илк бор амалга оширилган ушбу ташриф тарихий, иқтисодий ва геосиёсий жиҳатдан муҳим аҳамиятга эга бўлиб, икки ўлка муносабатларини мустаҳкам шериклик ва аниқ амалий натижаларга йўналтирилган самарали ҳамкорлик босқичига кўтарди.
Биламиз, Ўзбекистон ва Мўғулистон ўртасидаги муносабатлар тарихий жиҳатдан узвий боғлиқ. Асрлар давомида бу икки халқ Буюк Ипак йўли орқали савдо қилган, илм-фан, маданиятлараро мулоқот узоқ тарихга бориб тақалади. Бугун эса ана шу тарихий алоқаларга замонавий сиёсий ирода, иқтисодий манфаатлар ва халқлар дўстлиги янги мазмун бағишламоқда.
Мазкур ташриф айни пайт дунёда геосиёсий беқарорлик кучайиб бораётган шароитда икки халқ ўртасида тинчлик, ишонч ва дўстликка асосланган алоқаларни мустаҳкамлашда муҳим босқич бўлди. Мўғулистоннинг Осиё қитъасидаги геосиёсий ўрни ва Ўзбекистоннинг Марказий Осиёдаги етакчи давлатлардан бири сифатидаги мавқеи икки мамлакат ўртасидаги стратегик мулоқот аҳамиятини янада орттиради.
Бу ўз навбатида, икки минтақа интеграцияси янада ривожланишига асос солади. Президентлар даражасидаги бевосита мулоқотлар бу муносабатларни нафақат икки томонлама, балки минтақавий барқарорлик ва тараққиёт манфаатига хизмат қилувчи ҳамкорликка айлантиради.
Мўғулистон Давлат саройида бўлиб ўтган Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Мўғулистон Президенти Ухнаагийн Хурэлсух ўртасидаги музокаралар натижасига кўра, икки мамлакат ўртасида “Кенг қамровли шериклик тўғрисидаги декларация” имзоланди. Бу ҳужжат – дўстлик ва ҳамкорликни институционал даражага кўтарувчи тарихий қадамдир. Декларация доирасида сиёсий мулоқот, иқтисодий алоқа, маданий-гуманитар ҳамкорлик, таълим, транспорт ва хавфсизлик соҳаларидаги стратегик йўналишлар аниқ белгилаб олинди.
Ташриф доирасида қатор йўналишлардаги ҳамкорлик муҳокама қилинди. Савдо-сотиқ ҳажмини ошириш, сармоявий лойиҳаларни амалга ошириш, транспорт ва логистика соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, туризм, таълим ва фан соҳаларидаги алоқаларни чуқурлаштириш, минтақавий барқарорлик, экологик масалалар ва глобал хавфсизлик бўйича позицияларни мувофиқлаштириш шулар жумласидан.
Ўзбекистон ва Мўғулистон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажмини яқин йилларда бир неча баробар ошириш мақсад қилинган. Бунда харидоргир маҳсулотлар тури ва логистика имконияти кенгайтирилади. Айни мақсадга хизмат қилувчи қатор амалий қадамлар ташланди. Жумладан:
• Улан-Баторда Ўзбекистон маҳсулотлари шоурумига эга савдо уйи очилди.
• Икки давлат ишбилармонлари иштирокида бизнес-форум ўтказилди.
• Имтиёзли савдо ва инвестицияни ҳимоя қилиш тўғрисидаги битимларни тезлаштиришга келишиб олинди.
• Қўшма саноат ва қишлоқ хўжалиги лойиҳалари ишга туширилди.
Ташриф давомида геология ва қишлоқ хўжалиги соҳасидаги кенг қамровли ҳамкорлик масалалари ҳам кўрилди. Тоғ-кон соҳаси ҳамкорликнинг стратегик йўналишларидан бири сифатида белгиланди. Улан-Баторда Ўзбекистон Геология вазирлиги ваколатхонаси очилди. Бу нафақат хом ашё ресурсларини ўзлаштириш, балки кадрлар тайёрлаш ва технология трансфери учун янги имконият яратади.
Қишлоқ хўжалиги соҳасида гўшт, сут, чарм ва жун маҳсулотларини қайта ишлаш бўйича қўшма кластерлар ташкил этиш ва ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш масалалари кўриб чиқилди. Хусусан, Қорақалпоғистон ва Наманганда чорвачилик ва аграр кластерлар ташкил этилиши режалаштирилмоқда. Бу нафақат иқтисодий фойда, балки икки халқ бандлигини таъминлашда ҳам йирик қадам бўлади.
Таъкидлаш жоиз, ташриф доирасида транспорт ва логистика соҳасига алоҳида эътибор қаратилди. Пойтахтлар ўртасида тўғридан-тўғри авиақатнов йўлга қўйилиши режалаштирилган. Бундан ташқари, мамлакатлар ўртасида транспорт йўлаклари, жумладан Қирғизистон ва Хитой орқали мультимодал йўллар очиш бўйича келишувга эришилди. Шунингдек, денгизга чиқиш имконияти бўлмаган давлатлар учун халқаро таҳлил институти билан ҳамкорликда энг қисқа ва самарали йўналишларни аниқлаш бўйича тадқиқот ўтказилиши таклиф этилди.
Президентлар илм-фан, таълим ва маданият соҳасида ҳам ҳамкорликни ривожлантириш муҳимлигини таъкидладилар. Бу соҳаларда имзоланган ҳужжатлар эса ёшлар, олимлар, ижодкорлар учун янги имкониятлар очади. Қўшма илмий лойиҳалар, академик алмашинув ва стипендия дастурлари йўлга қўйилади.
Шу кунларда Улан-Батор шаҳрида ўтказилаётган Ўзбекистон маданияти кунлари, концертлар, кино намойишлари ва туризм тадбирлари икки халқ ўртасидаги маданий алоқаларни янада ривожлантиради.
Икки давлат раҳбари Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ва бошқа кўп томонлама тузилмалар доирасидаги ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олдилар. Бу икки мамлакатнинг минтақавий ва халқаро нуфузини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Имзоланган келишувларни амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” қабул қилинди.
Ўзбекистон ва Мўғулистон ўртасидаги бугунги муносабатлар ўзаро ишонч, тенглик ва умумий манфаатга асосланган барқарор шерикликдир. Давлатимиз раҳбарининг Мўғулистонга ташрифи икки томонлама муносабатларда муҳим бурилиш нуқтаси бўлди. Ташриф натижалари халқларимиз ўртасидаги тарихий дўстликни мустаҳкамлаш, иқтисодий ва маданий алоқаларни янги босқичга кўтаришга хизмат қилади.
Ўткир АЛИМОВ ёзиб олди.
ЎзА