Президентимиз Мирзо Улуғбек туманидаги “Krantas” заводига ташриф буюрди
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев 29 июнь куни Мирзо Улуғбек туманидаги “Krantas Group” заводига ташриф буюриб, қурилиш учун махсус техника ишлаб чиқарувчи корхоналар фаолияти билан танишди.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев 29 июнь куни Мирзо Улуғбек туманидаги “Krantas Group” заводига ташриф буюриб, қурилиш учун махсус техника ишлаб чиқарувчи корхоналар фаолияти билан танишди.2008 йилда Тошкент тажриба экспериментал механика заводи негизида ташкил этилган “Krantas” ва “Кранлар ва махсус техника” корхоналарида 60 турдан зиёд махсус техника, жумладан, автокранлар, кран манипуляторлари, ёнилғи ва кислота ташувчи автоцистерналар, коммунал техника, самосваллар, автоустахоналар, автогидрокўтаргичлар ишлаб чиқарилмоқда. Импорт ўрнини босувчи, экспортбоп ушбу техника воситалари мамлакатимиз иқтисодиёт тармоқларига етказиб берилмоқда.
Бугунги кунда корхоналарда 645 ишчи-хизматчи меҳнат қилмоқда. Маҳсулот ҳажмини ошириш, янги ускуналар сотиб олиш ва ишлаб чиқариш цехларини барпо этиш ҳисобига яна 150 иш ўрни яратиш мўлжалланмоқда.
Корхоналарда 2017-2018 йилларда юк кўтариш қуввати 100 тонна бўлган автокранлар ва кўп қаватли уй-жойлар қурилишига мўлжалланган 8 тонналик минорали кранлар ишлаб чиқариш лойиҳалаштирилган. Мамлакатимизда тадбиркорлик соҳасига қаратилаётган алоҳида эътибордан самарали фойдаланиб, жорий йилда корхонанинг экспорт ҳажмини 5 миллион долларга етказиш, Қозоғистон, Тожикистон, Туркманистон, Афғонистон каби давлатларга маҳсулот экспорт қилиш режалаштирилган.
Президентимиз корхонада ишлаб чиқарилаётган махсус техника воситалари ва ишлаб чиқариш жараёнини кўздан кечирди. Бу каби корхоналар мамлакатимиз саноати ривожланишининг асосий омилларидан бири эканини таъкидлади.
Корхонада ишлаб чиқарилаётган махсус техника турларини маҳаллийлаштиришни кенгайтириш, келгуси беш йилга мўлжалланган давлат дастурини қайта кўриб чиқиб, махсус техника импортини камайтириш, шу каби корхоналарда маҳаллийлаштирилган махсус техникалар харидини кўпайтириш юзасидан мутасадди раҳбарларга тегишли топшириқлар берилди.
Соҳага ихтисослашган олий таълим муассасаларида кран ва махсус техникалар ишлаб чиқариш бўйича йилига 20-25 мутахассис тайёрловчи факультетлар очиш ва ёшларни ўқитиш зарурлиги қайд этилди.