Президентимиз Грузия Бош вазирини қабул қилди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 20 сентябрь куни Нью-Йорк шаҳрида Грузия Бош вазири Георгий Квирикашвилини қабул қилди.
Нью-Йорк, 20 сентябрь. ЎзА махсус мухбири Анвар Самадов хабар қилади.Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 20 сентябрь куни Нью-Йорк шаҳрида Грузия Бош вазири Георгий Квирикашвилини қабул қилди.
Грузия Ўзбекистоннинг Кавказ минтақасидаги муҳим ҳамкоридир. Мамлакатларимиз ўртасида савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-коммуникация ва маданий-гуманитар соҳалардаги алоқалар изчил ривожланмоқда. Жорий йилнинг ўтган 8 ойида ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 20 фоиз ошган.
Учрашувда товар айирбошлаш ҳажмини янада ошириш ва номенклатурасини кенгайтириш, савдо-саноат палаталари ўртасидаги алоқаларни фаоллаштириш, савдо уйлари ташкил этиш ва қўшма кўргазмалар ўтказиш масалалари муҳокама қилинди.
Ўзбекистон Грузияга автомобиллар, тўқимачилик ва электр техникаси маҳсулотлари экспорт қилиш, Грузия йўллари орқали жаҳон бозорига чиқишдан манфаатдор. Грузия мамлакатимиздан мева-сабзавотлар харид қилиши, виночилик соҳасида қўшма корхоналар ташкил этиши мумкин.
Халқларимиз ўртасида дўстлик ва ўзаро ҳурмат қарор топган. Ўзбекистонда грузин миллатига мансуб фуқароларимиз мамлакатимиз ҳаётида фаол иштирок этмоқда. Бу маданий-гуманитар алоқалар ривожига мустаҳкам асос бўлмоқда. Жорий йилнинг май ойида мамлакатимизда Грузия маданияти ва киноси кунлари муваффақиятли ўтди.
Шавкат Мирзиёев ва Георгий Квирикашвили учрашувда ўзаро ҳамкорликни барча йўналишларда янада ривожлантириш учун улкан салоҳият мавжудлиги, бу мамлакатларимиз ва халқларимиз манфаатларига хизмат қилишини қайд этди.
Учрашувда томонларни қизиқтирган минтақавий ва халқаро масалаларга ҳам эътибор қаратилди.